Учта вилоятга янги имом-хатиблар тайинланди
28 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида Сурхондарё, Самарқанд ҳамда Тошкент вилоятларида фаолият юритаётган туман ва шаҳар бош имом-хатиблари иштирокида видеомулоқот йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг маълум қилишича, Расулжон домла Абдуллаев Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сурхондарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби вазифасига тайинланган. Расулжон домла Абдуллаев бунга қадар Термиз шаҳри бош имоми ва «Мангузар» жоме масжиди имом-хатиби лавозимида ишлаб келаётган эди.
Шунингдек, Аҳмадхон қори Алимов Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби этиб тайинланди. У тайинловга қадар Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани «Олтинтепа» масжидида имом-хатиб вазифасини бажариб келган.
Бундан ташқари, Дониёр домла Икромов Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби лавозимига тайинланди. Дониёр домла Икромов бунга қадар Тошкент тумани бош имоми ва мазкур тумандаги «Ҳасанбой ота» жоме масжиди имом-хатиби вазифасида ишлаб келаётган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг