«Учқўрғон» ва «Кенгсай» чегара постлари фаолияти қайта тикланди

18:11 12 Сентябр 2024 Жамият
1109 0

Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Наманган вилоятининг қўшни Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилояти билан чегарадош қисмидаги ушбу масканлар бундан 13 йил аввал турли сабабларга кўра ёпиб қўйилган эди. Табиийки, бу шу ҳудудда истиқомат қилаётган икки қардош халқ вакиллари учун қатор ноқулайликларни келтириб чиқарди. Биринчи навбатда бир-бирига қиз узатиб, ўғил уйлаган хонадонлар, аҳоли катта қисмининг борди-келдиси қийинлашган бўлса, бошқа жиҳатдан автомобиль транспорти орқали халқ хўжалиги юкларини ташиш имконияти чекланди. Ўзаро бизнес алоқалари сустлашди. Бироқ қондош халқларнинг биродарлик алоқалари тўхтаб қолгани йўқ. Аксинча, орадан ўтган вақт дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлади. Турган гапки, вақти келиб ёпилиб қолган йўлларда ҳаракатни тиклаш масаласи ҳам кун тартибига қатъий қилиб қўйилди. Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг Наманганга ташрифи чоғидаги фаоллар билан учрашувида Қирғиз томони билан келишилган ҳолда «Учқўрғон» божхона постини ишга туширишни жадаллаштириш масаласи алоҳида қайд этилди. Айни жараёнда чегара пости яқинида хитойлик ҳамкорлар билан «Учқўрғон—Кенгсай» логистика марказини барпо этиш вазифаси ҳам долзарб этиб белгиланди.

Узоқ кутилган воқелик реалликка айланди – «Учқўрғон-автойўл» ва Қирғиз Республикасининг «Кенгсай-автойўл» ўтказиш пунктлари яна икки Давлат фуқароларига хизмат кўрсата бошлади.

Шу муносабат билан бугун чегарада катта шодиёна – божхона масканларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тантанали тадбирда Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Боқит Тўрабоев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Очилбой Раматов сўзга чиқиб, ушбу масканларнинг давлатлараро аҳамияти ҳақида тўхталди. Тадбир томонлар вакилларининг самимий учрашуви билан бошланди. Ўзбек ва қирғиз санъаткорларининг икки халқ тилидаги қўшиқлари ижобий ўзгаришдан мамнун аҳолининг рақсларига уланди.

— Мен чегара ортидаги Интимақ маҳалласидан Учқўрғоннинг «Ёғду» маҳалласига келин бўлиб тушганман, — дейди Дилафруз Абдураззоқова. — Туғишганларим билан эмин-эркин кўришмаганимизга саккиз йилдан ўтди. Отам жиддий хасталаниб, шифохонага тушганда юзма-юз хабар ололмасдан чегарада йиғлаб турган кунларим ҳам бўлган. Ораси бир километрга етиб-етмаган уйларимизга бориб-келиш учун 500 километрга яқин айланма йўлларни босиб ўтардик. Хайрият, ҳаммаси ортда қолди. Бугун яқинларимиз билан дийдорлашиб, кўнгиллар таскин топди.

Айтиш лозимки, Ўзбекистон – Қирғиз Республикаларига кириш-чиқишни 500 километрга қисқартирувчи чегара постининг қайта ишга туширилиши нафақат Наманган вилояти, балки Фарғона водийси учун икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда катта қулайликлар яратади. Ҳудудлар иқтисодиёти мустаҳкамланиб, логистика, хизмат кўрсатиш соҳалари янада равнақ топади. Маълумотларга қараганда, мазкур маскандан кунига 500 тадан ортиқ юкли ҳамда 300 дан зиёд енгил транспорт, 10000 нафарга яқин аҳоли ўтиши кутилмоқда. Биргина бу эмас, мазкур янгилик нафақат Ўзбекистон балки, минтақада сайёҳлик имкониятларини кенгайтириши билан алоҳида аҳамиятга эга. Чунки, айнан, ушбу пост мамлакатимизга ташриф буюрган туристларнинг Қирғизистон ҳамда Хитойга ўтиб қайтишлари ва транзит ўтишлари учун энг қисқа ва қулай ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер