Уч ҳудудда қарийб 195 минг қалбаки АҚШ доллари мусодара қилинди
Видеодан кадр
Жиззах ва Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида қарийб 195 минг қалбаки АҚШ долларининг муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда «Хавфсизлик» Telegram каналида хабар берилди.
Маълум қилинишича, Тошкент вилоятида яшовчи 26 ёшли фуқаро ва унинг Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 27 ёшли шериги ижтимоий тармоқлар орқали Жиззах шаҳрида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, унга сохта 100 АҚШ доллари купюрали жами 50 минг АҚШ долларини 65 млн сўмга сотишга келишишган.
Шундан сўнг улар Жиззах шаҳрига бориб, харидор билан телефон орқали мулоқот қилиб, унга қалбаки пулларни шаҳар ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетишларини айтиб, келишилган суммадан 39 млн 200 минг сўмни олдиндан пластик карта орқали олишган.
Аммо, улар қалбаки валюталарни белгиланган жойга қолдирмасдан, харидорни алдаб, Тошкент шаҳрига қайтиб кетаётган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан Дўстлик туманида ушланди ва улар кетаётган автомашина салонидан қалбаки 51 минг АҚШ доллари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Бухоро вилоятида яшовчи, 1949 ва 1984 йилларда туғилган 2 нафар шахс ҳамда Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи, 44 ёшли фуқаро ўзаро тил бириктириб, чет давлатда тайёрланган, ҳар бири 100 купюрали қалбаки 50 минг АҚШ долларини ҳақиқий 25 минг АҚШ долларига сотган вақтларида қўлга олинди. Таъкидлаш лозимки, уларнинг учаласи ҳам муқаддам судланган шахслар ҳисобланади.
Тошкент шаҳрида қайд этилган яна бир ҳолатда, Хоразм вилоятининг Хазорасп туманида яшовчи, ёшли шахс хориждан келтирилган 50 ва 100 АҚШ доллари купюрали қалбаки 45 минг АҚШ долларини харидорга ҳақиқий 25 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи, 42 ёшли шахс ва Тошкент вилоятининг Паркент туманида яшовчи, 31 ёшли, муқаддам судланган фуқаро қалбаки 10 минг АҚШ долларини харидорга ҳақиқий 8 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ушланди.
Наманган вилоятининг Чортоқ туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган, муқаддам судланган шахснинг кўрсатмаси бўйича – унинг 30 ёшли ва 24 ёшли икки нафар шериги қалбаки 30 минг АҚШ долларини харидорга ҳақиқий 19,5 минг АҚШ долларига сотган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинди.
Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи, 1991 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда 88 дона 50 АҚШ доллари купюрали ва 44 дона 100 АҚШ долллари купюрали, жами қалбаки 8,8 минг АҚШ доллари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Қайд этилишича, ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг