Туркиянинг Эгей университети билан ҳамкорликда Қаршида Текстиль муҳандислиги факультети очилади
Жорий йилнинг 2 февраль куни Туркия Республикасининг Измир шаҳрида жойлашган Эгей университети билан ҳамкорликда Қарши муҳандислик иқтисодиёти институти қошида «Текстиль муҳандислиги факультети» очиш юзасидан онлайн учрашув ташкил этилди.
Онлайн мулоқотда Эгей университети муҳандислик факультети раҳбарияти профессор М.Танёлачач, профессор Перрин Акчакожа, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти, вилоят ҳокимлиги ва вилоят Инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси ва пахтачилик кластери вакиллари иштирок этдилар.
Олиб борилган мулоқот натижасида, Эгей университети томони ушбу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди ва вилоят делегацияси Туркия давлатига ташриф буюриб, дастлабки амалий ишларни бошлашга келишилди.
Маълумот учун: Қашқадарё вилоятида 18 та пахта-тўқимачилик кластерлари мавжуд бўлиб, уларнинг таркибида 27 та тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари фаолият юритмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг