Туркияга кириб келишда янги талаб жорий этилди. Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси бу ҳақида фуқароларни огоҳлантирмоқда
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълум қилишича, Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги 15 мартдан бошлаб ушбу мамлакатга келаётган чел эл фуқароларига сафар муддатидан 72 соат олдин махсус электрон сўровномани тўлдириш талабини жорий қилган, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Вазирлик хабарида таъкидланишича, анкета тўлдирилгач, уни чоп этиш ёки смартфон, планшет ва бошқа электрон қурилмаларга юклаб олиш керак. Йўловчилар чоп этилган ёки электрон юклаб олинган ариза шаклини жўнаш аэропортида авиакомпания ходимига тақдим этиши шарт.
Мамлакат расмийлари ушбу чора-тадбир Туркияда бўлиб турган чет эл фуқароларининг саломатлигини муҳофаза қилиш ва коронавирус билан боғлиқ сўнгги маълумотларни тақдим этиш мақсадида жорий этилганини маълум қилган. Сўровномада мамлакатга кириб келаётган шахсларнинг паспорт ва алоқа маълумотлари, миллати, жинси ва кириб келиш турининг (денгиз, ҳаво ва бошқа йўллар) кўрсатилиши керак.
«Тўлдирилган маълумотга асосланиб, чет эл фуқаросининг шахсий HES коди автоматик равишда яратилади, натижада сиз ёки сизнинг ҳамроҳларингиз орасида COVID-19га чалинган беморлар ёки улар билан алоқада бўлган йўловчилар аниқланса, тезкор алоқага чиқилади», - дейилади Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги порталидаги хабарда.
Нотўғри маълумот берганлик учун сайёҳларга Туркияга киришни вақтинча тақиқлашгача бўлган маъмурий жазо чоралари қўлланилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ушбу талаблар мамлакат фуқаролари ва яшаш гувоҳномаси билан кирганларга тааллуқли эмас.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг