Туризм соҳасидаги янги имкониятлар ва бунда “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетининг ўрни ва роли

16:44 19 Март 2026 Жамият
349 0

Президент Шавкат Мирзиёев янги “Hyundai Rotem” юқори тезликда ҳаракатланувчи поездида Самарқанд шаҳридан Нарпай туманига келганлиги туризмда замонавий инфраструктурани иш бошлаганидан далолат. Президент раислигида Нарпай туманида бўлиб ўтган йиғилишда Самарқанд вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига оид муҳим вазифалар белгилаб олинди. Айниқса, туризм соҳасидаги ташаббуслар нафақат иқтисодиётни жонлантириш, балки халқаро майдонда Ўзбекистоннинг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилади.

Президентимиз таъкидлаганидек, бугунги глобал нотинчликлар — логистика занжирларининг узилиши, нефт нархининг ошиши ва транспорт харажатларининг кўпайиши — озиқ-овқат хавфсизлигига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Аммо айни пайтда дунёда тинч ва хавфсиз мамлакатларга бўлган талаб ортиб бормоқда. Бу эса Ўзбекистон учун катта имкониятдир. Айниқса, 100 миллионга яқин турист хавфсиз йўналишларни қидираётган бир пайтда, Самарқанднинг маданий ва тарихий салоҳияти жаҳон туризмида янги саҳифа очиши мумкин.

Йиғилишда эълон қилинган янги механизмлар — туроператорларга субсидиялар, ҚҚСнинг ярмини “кешбек” сифатида қайтариш, хорижий блогерлар учун бепул турлар ва йирик онлайн платформаларда реклама харажатларини қоплаш — туризм соҳасида сифатли хизмат кўрсатиш ва халқаро бренд яратиш йўлидаги муҳим қадамлардир. Бу чоралар маҳаллий тадбиркорликни рағбатлантиради, хорижий инвестицияларни жалб қилади ва хизматлар экспортини оширади.

Апрель-июнь ойларида “Ўзбекистонда очиқ туризм мавсуми” эълон қилиниши, авиакомпанияларга ҳар бир сайёҳ учун субсидия берилиши ва аэропорт хизматларида 20 фоизлик чегирмалар жорий этилиши — мавсумий туризмни ривожлантиришда инновацион ёндашувдир. Бу ўз навбатида, халқаро рейслар сонини кўпайтириш ва туристик оқимни барқарорлаштиришга хизмат қилади.

Самарқандда халқаро миқёсдаги йирик тадбирлар – санъаткорлар гастроллари, бизнес форумлар, мода фестиваллари ва илмий конференциялар ўтказилиши режалаштирилгани бежиз эмас. Бу нафақат маданий алмашинув, балки илм-фан ва туризм интеграциясининг ёрқин намунасидир. Хусусан, 2028-йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган Халқаро астронавтика конгрессига 100 дан ортиқ давлатдан 10 мингга яқин иштирокчи келиши кутилаётгани — шаҳримизнинг халқаро илмий ҳамжамиятдаги ўрнини мустаҳкамлайди.

Президентимизнинг Самарқандга йил якунига қадар 6 миллион турист олиб келиш вазифаси — бу нафақат иқтисодий кўрсаткич, балки хизмат кўрсатиш маданияти, инфратузилма ва инсон капитали ривожи ҳисобланади. “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети сифатида биз бу жараёнларнинг фаол иштирокчисимиз. Туризм ва маданий мерос соҳасида кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни амалиёт билан уйғунлаштириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали белгиланган мақсадларга эришишда қўйидаги йўналишлар кесимида ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Битирувчи босқич талабаларимиз камида битта хорижий тилни мукаммал билган ҳолда университет битирувчисига айланади.

Битирувчиларимизнинг иш изловчи эмас, иш берувчи бўлишида университет ва тижорат банклари, “Келажакка қадам” маркази билан ҳамкорликда амалий ишлар йўлга қўйилади.

Туризмнинг янги йўналишларини ишга тушириш, хизмат кўрсатиш каби соҳаларида янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиниши мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўяди.

Шунингдек, бугун Самарқанд заминида юз берган тарихий воқеа — Имом Бухорий мажмуасининг очилиши нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ислом олами учун беқиёс аҳамиятга эга. Ушбу муқаддас қадамжонинг замонавий қиёфа касб этиши Президентимизнинг буюк аждодлар меросига бўлган юксак эҳтироми ва мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ўзгаришларнинг ёрқин ифодасидир.

Имом Бухорий мажмуаси нафақат диний зиёратгоҳ, балки миллионлаб сайёҳларни жалб қилувчи маданий-тарихий марказ ҳисобланади. Бу Ўзбекистонда зиёрат туризмининг янги босқичга кўтарилишидан далолатдир.

Мажмуа дунёнинг турли давлатларидан келадиган зиёратчилар ва сайёҳлар учун очиқ эшик бўлиб, маданиятлараро мулоқот ва диний бағрикенгликнинг ёрқин намунасидир.

Мунтазам равишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва белгиланган вазифаларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, туризм соҳасидаги янги имкониятлар ва илмий салоҳият уйғунлиги Самарқандни нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун Марказий Осиёнинг етакчи туристик марказига айлантириш имконини беради.

Муҳсинжон ХОЛМУҲАММЕДОВ,

“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос

халқаро университети ректори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер