Тупроққалъадаги уч йиллик муаммо

18:45 04 Октябр 2021 Жамият
931 0

Депутат том маънода халқ вакилидир. У ҳар бир ҳудуд ҳаёти билан яқиндан таниш, бевосита аҳоли ичида яшаб унинг туриш-турмушидан, ўйлантираётган масалалардан яхши хабардор. Шу боис, бугун улар зиммасидаги масъулиятни дилдан ҳис этиб халқ орасида иш олиб бормоқда.

Бугунги кунда жойларда аҳолини йиллар давомида ўйлантириб келаётган аксарият муаммолар депутат саъй-ҳаракати, кўмаги билан ўз ечимини топмоқда. Бу каби амалий ишлар ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиб, фуқароларнинг турмуш шароитлари янада яхшиланмоқда.

Хоразм вилояти, Тупроққалъа тумани Обод маҳалла ҳудудидан ўтувчи захкашнинг тўсилиб қолгани боис, маҳалладаги 280 дан ортиқ хонадонни шўр босиб қолган эди. Ўз вақтида кўрилмаган чора-тадбирлар туфайли шўрланиш бутун ҳудудни қоплаб, аҳоли хонадонларининг деворлари нурай бошлади.

Салкам уч йилдики, маҳалланинг шу қисмидаги хонадонларда одамларнинг тинчи бузилганди. Ерларнинг шўрланиши натижасида экинлар, боғ-роғлар қуриб, маҳаллада деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланиб бўлмай қолган эди.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, улар бу масала юзасидан тегишли ташкилотларга бир неча маротаба мурожаат қилган. Аммо мутасаддилар на вазиятни жойига чиқиб ўрганган, на муаммога ечим топиш чораларини кўрган.

Аҳвол борган сари ёмонлашгач, маҳалла аҳли бу масала бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоевга мурожаат қилди.

М.Қурбонбоев туман мутасаддиларини жалб қилган ҳолда, захкаш тўсилган жойдаги муаммоларни ўрганди. Шўрланишдан зарар кўрган жойларни кўздан кечириб, тегишли ташкилот вакиллари билан муаммога ечим топишга киришди. Халқ вакили кўмаги билан узоқ масофадаги захкашда қазиш ишлари олиб борилиб, масала ижобий ҳал этилди.

“Бугунги депутатлар кечаги депутатлардан бутунлай фарқ қилади. Ҳозирги депутатларимиз доим халқ билан бирга, одамлар ичида юриб уларнинг турмуш шароити билан қизиқади. Эътиборлиси, кўп йиллик муаммоларимиз ҳам уларнинг саъй-ҳаракати билан бартараф этиляпти. Мана, қарийб 3 йилдан буён бизни қийнаб келаётган муаммо ҳам депутатимиз М.Қурбонбоев аралашуви билан ҳал бўлди. Бунинг учун маҳалламиз фаоллари номидан депутатимизга миннатдорчилик билдирамиз”, дейилади қуйи палатага тупроққалъалик бир гуруҳ фуқаролардан келган миннатдорчилик хатида.

Айтиш жоизки, бугун депутат зиммасига жуда катта вазифа ва масъулият юкланган. Шу жиҳатдан, одамлар билан юзма-юз мулоқот қилиш, ҳар бир ҳудуддаги, қишлоқ, маҳалла, хонадондаги мавжуд аҳволга холисона баҳо бериш ва камчиликларни ўз жойида бартараф этиш – бугун ҳар бир депутатнинг асосий иш фаолияти мезонига айланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер