Транспорт вазирлиги томонидан очиқликни таъминлаш борасида қилинган ишлари сенаторлар диққат марказида
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда, Қўмита аъзолари, тегишли давлат органлари ва ташкилотлар масъуллари, экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Қўмита мажлисида Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартиби доирасида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар, Транспорт вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлари томонидан очиқликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларининг ижро ҳолати муҳокама қилинди.

Мажлисда дастлаб сенаторлар “Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг яхлит тизими шакллантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқди.
Таъкидланганидек, мазкур Қонунга асосан республика ижро ҳокимияти тизими вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекцияларни ўз ичига олган яхлит тизим сифатида ташкил этилганлиги сабабли, амалдаги қонун ҳужжатларидан “давлат қўмиталари” тушунчаси чиқариб ташланмоқда ва ислоҳотлар доирасида тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Ушбу Қонун билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот жумласига вазирликлар ва идораларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришилиши тўғрисидаги, шунингдек харажатлар иқтисодий таснифининг моддалари кесимида маблағларнинг сарфланиши ҳақидаги маълумотлар киритилиб, уларни ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб бориши лозимлиги белгилаб қўйилмоқда.
Шундан сўнг Қўмита мажлисида Транспорт вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлари томонидан очиқликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Муҳокама давомида вазирлик томонидан мазкур йўналишда ижобий ўзгаришлар билан бирга, вазирликнинг ташкилотлари ва ҳудудий бошқармаларида ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина эканлиги айтиб ўтилди.
Жумладан, вазирликнинг 14 та ҳудудий бошқармасидан 7 тасининг расмий веб-сайтлари фаолияти бугунги кунда ишга туширилган бўлса-да, Хоразм, Қашқадарё, Навоий, Жиззах, Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятлари ҳудудий бошқармалари расмий веб-сайтлари умуман ишлаётгани йўқ.
Шунингдек, вазирликнинг ташкилотлари томонидан ўз расмий-веб сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини юритишда маълумотларни мунтазам равишда янгилаб бориш, ушбу ташкилотлар томонидан матбуот анжуманлари, пресс-турлар, соҳага оид муаммоларни тезкор ёритиш ва танқидий материалларга расмий муносабат билдириш борасидаги ишлар талаб даражасида эмас.

Оқибатда ҳудудларда аҳоли томонидан транспорт соҳасидаги маълумотларни олишда муаммолар сақланиб қолмоқда ва бу ҳолат аҳолининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқармоқда.
Бундан ташқари, вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан бюджет маблағларининг сарфланиши билан боғлиқ маълумотларни очиқ эълон қилиб боришга ёндашув талаб даражасида эмас.
Хусусан, давлат харидларини амалга ошириш, давлат бюджети ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари бўйича мавжуд дебиторлик ва кредиторлик қарздорликлари тўғрисидаги маълумотлар, бюджет ташкилотларининг тармоқ, штатлар ва контингентлар режаларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботлар шулар жумласидан.
Мазкур ҳолатлар Қўмита мажлисида атрофлича муҳокама қилинди ва вазирликка ушбу камчиликларни бартараф этиш тўғрисида тегишли топшириқ ва таклифлар берилди.
Мажлисда ҳар бир масала бўйича Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг