Трамп Мексика орқали келаётган ноқонуний мигрантларни нима қилмоқчи?
АҚШ президенти Доналд Трамп фуқароларнинг хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун мамлакатнинг жанубий чегарасида миллий фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу ҳақида АҚШ ҳукуматининг расмий веб-сайти хабар берди.
Мамлакатнинг жанубий чегараси орқали ноқонуний мигрантларнинг киришини тақиқлаш тўғрисидаги фармоннинг ижроси юзасидан чегарага қўшимча 1500 нафар аскар ва ўнлаб вертолётлар юборилган.
Фармонга кўра, Трамп жанубий чегара орқали кириб келган муҳожирларнинг бошпана топиш баҳонаси билан мамлакатда қолиш имкониятларини кескин чеклайди.
Жумладан, АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Давлат департаментига мамлакат ҳудудига ноқонуний кираётганларни чиқариб юбориш чораларини кучайтириш юзасида топшириқлар берилган.
«Мудофаа вазирлиги жануби-ғарбий чегарани кучайтиради. Ноқонуний кирмоқчи бўлган мигрантларни аниқлаш учун экипажлар ҳамда разведка таҳлилчилари жойлаштирилади. Бу ҳаракатлар фақатгина бошланиши холос. Давлат хавфсизлигини сақлаб қолиш бўйича қўшимча миссиялар ишлаб чиқилади. Президент Трамп дарҳол натижага эришишни хоҳламоқда», — дейилади Пентагон раҳбари вазифасини бажарувчи Роберт Сейлесс баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Трамп ўзининг навбатдаги президентлик даврида мамлакатни ноқонуний мигрантлардан тозалашни давлат хавфсизлиги даражасигача кўтаришни ҳамда миллий фавқулодда ҳолат эълон қилишини маълум қилган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг