Трамп Гренландия бўйича ажойиб келишув ҳақида гапирди. У ҳақида нималар маълум?

15:22 22 Январь 2026 Дунё
550 0

Фото: Truth Social

АҚШ президенти Дональд Трамп Гренландия бўйича ажойиб келишув ҳақида гапирди. У бу ҳақда журналистлар билан суҳбатда айтиб ўтди.

«Бу ҳамма учун ажойиб келишув. Бу бизга керак бўлган ҳамма нарсани беради», — деди у.

Америка етакчиси «Бу Гренландия АҚШнинг бир қисми бўлишини англатадими?» деган мазмундаги саволга тўғридан-тўғри жавоб беришдан қочди. У келишув «узоқ муддатли», «чексиз» ва «абадий» эканлигини таъкидлади.

Сиёсатчи келишув ҳақида бирон бир тафсилотларни ошкор қилмади. Ўз навбатида, Гренландия, Дания, Европа Иттифоқи ва НАТО ҳозирча Трампнинг бу баёнотига изоҳ бермади.

АҚШнинг Гренландия бўйича келишуви оролнинг кичик қисмларини ўз ичига олади

Кейинчалик «The New York Times» нашри АҚШнинг Гренландия бўйича келишуви оролнинг фақат кичик қисмларини ўз ичига олишини маълум қилди. Мунозаралардан хабардор расмийларнинг сўзларига кўра, НАТОнинг юқори лавозимли зобитлари чоршанба куни Дания Гренландиянинг кичик бир қисми устидан суверенитетни АҚШга топширадиган муросага келишувни муҳокама қилишган. Таъкидланишича, у ерда АҚШ ҳарбий базалари ташкил этилиши мумкин. Кипрдаги Буюк Британия базаларига ўхшаш бу вариант НАТО Бош котиби Марк Рютте томонидан илгари сурилган.

Ўз навбатида, АҚШ раҳбари Давосда НАТО Бош котиби билан учрашувни «самарали» деб атади.

«Биз Гренландия бўйича келажакдаги келишув учун пойдевор қўйдик», — деди у. Натижада Вашингтон оролнинг АҚШга қўшилишига қарши бўлган саккизта Европа давлатига тарифларни жорий қилмайди.

АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнc, Давлат котиби Марко Рубио ва Оқ уйнинг махсус вакили Стив Уиткофф Гренландия масаласи бўйича кейинги музокаралар учун жавобгар бўлади.

Дания оролни бермоқчи эмас

Шу йилнинг 21 январь оқшомида Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лекке Расмуссен Гренландияни АҚШ томонидан сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бориш имкониятини рад этди. Унинг сўзларига кўра, Дания ҳеч қачон бундай қадамга рози бўлмайди.

«Биз асосий тамойиллардан воз кечадиган ҳеч қандай музокараларга киришмаймиз», — деди Расмуссен.

Трамп бу баёнотга тезда жавоб қайтариб, Даниядан Гренландияни сотиш бўйича музокаралардан бош тортгани ҳақида унга тўғридан-тўғри хабар беришни талаб қилди. У «иккинчи қўл» маълумотларини олишни ёқтирмаслигини таъкидлади.

«Агар Расмуссен менга буни айтмоқчи бўлса, буни юзимга айтади», — деди Трамп.

Оқ уй раҳбари ҳам Гренландияни сотиб олиш ниятини яна бир бор таъкидлади. Унинг фикрича, Дания оролни ҳимоя қилишга қодир эмас ва фақат АҚШ «бошқа оёқларнинг бу ерга қадам қўйишига тўсқинлик қилади».

«Politico» газетаси Трампнинг баёнотлари Брюсселдаги кўплаб дипломат ва амалдорларни бутунлай чалкаштириб юборган деган хулосага келди. Улар АҚШ раҳбарининг оролдаги позициясини билмоқчи бўлишди, аммо Давосдаги нутқидан сўнг унинг ниятларини тушунишлари янада ноаниқлашди. Ҳамма ҳам Трампнинг Гренландияни куч билан эгаллаб олмаслик ҳақидаги ваъдасига ишонмади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер