Тожикистонлик меҳмонлар Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатиш тажрибасини ўрганмоқда
Хабарингиз бор, бугунги кунда давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизими изчиллик билан ривожланмоқда. Давлат хизматлари марказларида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратилиб, тақдим этиладиган ҳужжатлар ва хизмат кўрсатиш муддатлари кескин қисқартирилмоқда.
Ушбу ислоҳотлар, албатта узоқ ва қўшни давлатлар мутахассислари эътиборидан четда қолаётгани йўқ.
Хусусан, яқинда замонавий технологиялар орқали тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишда Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш учун, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Давлат хизматлари марказига «Таджикинвест» Давлат унитар корхонаси ижрочи директори Жавохирлаъл Музаффарий ҳамда Тожикистон Республикаси Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Исфандиёр Яздонзода мамлакатимизга ташриф буюрди.
Икки томонлама учрашувда Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиев иштирок этиб, делегация аъзоларини Агентлик ташкил топиш тарихи, унинг бугунги кунда олиб бораётган фаолияти билан таништирди. Шу жумладан Давлат хизматлари марказлари ва филиаллар фаолияти, кўрсатилган хизматлар сони, давлат хизматлари кўрсатишдаги муаммолар ва келгусидаги режалар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.
Меҳмонлар юртимизда аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини кенг тарғиб қилиш, олис ҳудудларда филиаллар фаолиятини йўлга қўйиш, ахборот технологияларини жорий этиш, соҳада қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, халқаро ҳамкорлик, давлат хизматларини жорий этиш ва ривожлантириш масалаларига қизиқиш билдирди.
Делегация раҳбари Жавохирлаъл Музаффарий Тожикистон Республикасида ҳам Президент Эмомали Раҳмон ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасидаги каби давлат хизматларини кўрсатиш учун тизим яратилаётганлиги ва ушбу тизимнинг асосчилари илғор Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш учун ташриф буюришганлиги ҳақида таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, Озарбайжон, Грузия, Эстония, Россия каби давлат хизматлари тизими ривожланган давлатлар тажрибаси ҳам қўшни Тожикистон мутахассислари томонидан ўрганилгани, бироқ тарихий, маданий қадриятларимиз яқин бўлганлиги сабабли Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш алоҳида аҳамиятга эгалиги қайд этилди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур ташриф давлат хизматлари кўрсатишда Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш учун дастлабкиси эмас. Аввалроқ Беларусь Республикаси мутахассислари ҳам Ўзбекистон Республикаси тажрибасини ўрганиб, давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини юксак эътироф этган.
Учрашув якунида Давлат хизматлари агентлиги тажрибаси ва имкониятларидан унумли фойдаланиш учун кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйишга келишилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг