Тозаланган оқова: ҳам зарарсиз, ҳам суғоришга яроқли

15:23 11 Март 2026 Жамият
352 0

Сўнгги йилларда Сирдарё вилоятида оқова сувларни тозаловчи бир неча замонавий иншоотлар иш бошлади. Натижада уларда механик ҳамда биологик усулда тозаланган сувдан қайта фойдаланиш, хусусан экинларни суғориш мумкин бўлаётир.

Яъни, “Сирдарё вилоятининг Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарларида канализация тизимларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш” лойиҳаси доирасида учта сув тозалаш иншооти реконструкция қилинди.

Улардан бири, “Сирдарё сув таъминоти” АЖнинг Янгиер шаҳар филиалига қарашли оқова сувларни тозалаш иншооти орқали эндиликда Янгиер шаҳри ва Ховос туманларидаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли ҳамда корхоналардан бир кеча-кундузда оқизилаётган 6000-7000 метр-куб оқова сув тозаланмоқда. Эътиборлиси ушбу иншоот яна шунча миқдордаги оқовани тозалаши мумкин, яъни унинг бир кунлик қуввати 12 минг метр-куб.

Иншоот маъмурий, хлорлаш хонаси, ҳаво ҳайдагич, лаборатория, компрессор, насос бинолари, устахона, аэротенка ҳовузлари ва бошқа биноларига эга. Лабораторияда тозаланган оқова сувни доимий равишда таҳлил олиш имконияти мавжуд.

—Сув ресурсларидан самарали ва тежаб фойдаланишда замонавий сув тозалаш иншоотларининг аҳамияти катта, — дейди Сирдарё вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорат инспекцияси бош мутахассиси Абдужалил Абдувоҳидов. —Бунга вилоятимиздаги учта сув тозалаш станциясида реконструкциядан кейинги қайд қилинаётган ижобий натижаларни мисол келтириш мумкин. Лекин шу ўринда айтиш лозимки, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ҳам оқова сувларни локал тозалаш иншоотларида бирламчи тозалаш ишларига етарлича эътибор берилса бу борадаги аҳвол янада яхшиланган бўлар эди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи“.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер