Тошкент—Хумсон йўналишида автобус қатнови қайта тикланади
Жорий йилнинг 23 март кунидан бошлаб «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ таркибидаги «Тошавтобустранс» МЧЖ томонидан 1226-сонли «Машинасозлар метроси (Тошкент) — Чорбоғ (Хумсон қўрғони)» автобус йўналиши ҳаракати қайта йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, йўналишга «MAN RR3» русумли туристик автобуслар бириктирилади. Ушбу автобуслар 47 та ўриндиқли, шинам ва кондиционерлар билан жиҳозланган. Йўналишда йўл кира нархи 25 000 сўмни ташкил этади.
Биринчи қатнов Машинасозлар метроси бекатидан ҳар куни соат 06:00 да бошланади. Қатновлар ҳар 1,5 соатда амалга оширилади. Қатнов вақти 1 соат 30 дақиқани ташкил этади. Сўнгги қатнов соат 20:30 да Чорбоғ томондан амалга оширилади ва соат 22:00 да Машинасозлар метросида тугатилади.
Йўналишдаги автобуслар ўз ҳаракатини Машинасозлар метросидан бошлаб, Махтумқули кўчаси, Янги Ўзбекистон боғи, Ҳожикент мавзеси, Чиноркент маскани орқали Хумсон қўрғонигача ҳаракатланади.
Йўналишда нақд пулда ва банк карталари орқали тўлов амалга ошириш имконияти мавжуд.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг