Тошкентдаги автосервисда ёнғин содир бўлди. 3 та автомобиль ёниб кетди
Фото: Видеодан кадр
Тошкент шаҳри Сергели туманида жойлашган автосервисда ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда пойтахт ФВБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 11 июнь куни соат 13:24 да Тошкент шаҳар, Сергели тумани, 6а-даҳасидаги автосалон олдида жойлашган автосервисда ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида ФВБга хабар тушган.
Шунга кўра, 4 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 13:33 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 13:44 да қуршаб олинган ва соат 13:51да ўчирилган.
Аниқлик киритилишича, ёнғин оқибатида автосервиснинг ички қисми ва унинг ичида бўлган 3 та автомобиль ёниб зарарланган. Ҳозирда ҳодисанинг сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Шаҳар ФВБ шунингдек, аланга оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида маълумот келиб тушмаганини қўшимча қилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг