Тошкентдаги «Аския» бозори фаолияти вақтинча тўхтатилди

11:50 10 Апрель 2026 Жамият
198 0

Тошкент шаҳрида жойлашган «Аския» деҳқон бозорида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилмагани сабабли бозор фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, пойтахтдаги қатор бозорлар ва савдо объектларида давлат ёнғин назорати доирасида ўтказилган текширувларда ёнғин хавфсизлиги қоидалари қўпол равишда бузилгани аниқланган.

Хусусан, Яккасарой туманида жойлашган «Аския» деҳқон бозорида аниқланган камчиликлар бозорнинг умумий ҳолати белгиланган талабларга жавоб бермаслигини кўрсатган. Шу сабабли объект электр таъминотидан узилиб, унинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Шунингдек, текширувлар давомида Мирзо Улуғбек туманидаги «Наврўз» деҳқон бозори, Бектемир туманидаги “Midstroy servis” МЧЖ, «Қўйлиқ» қурилиш бозори, Чилонзор туманидаги “Tashkent trade center” МЧЖ, «Абу Сахий» бозори ҳамда Учтепа туманидаги «Фарҳод» деҳқон бозорининг айрим ҳудудларида ҳам қоидабузарликлар аниқланган. Ушбу объектларда камчилик кузатилган боклари электр энергиясидан вақтинча ажратилган. «Ўрикзор» савдо комплексининг 9 та блоки ҳам вақтинча электр таъминотидан узилган.

«Аниқланган барча камчиликлар бартараф этилганидан кейин электр таъминоти қайта тикланади ва объектлар фаолиятини давом эттиради», дейилади ФВВ хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер