Тошкентда яна бир кўча 1 ойдан кўп вақтга ёпилади
Иллюстратив фото
Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги кўчалардан бири 1 ойдан кўп вақтга ёпилади. Бу ҳақда тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Мирзо Улуғбек туманидаги «Ўзбекистон овози» кўчаси 7/24 кўчага айлантирилмоқда, унинг инфратузилмаси ўзгариб, аҳолига, йўловчиларга ва шаҳарсозлик нормаларига тўла мос тушадиган маскан бўлиши режалаштирилган.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 24 апрель кунидан 30 май кунига қадар кўчанинг Яҳё Ғуломов кўчаси билан кесишмасидан Шаҳрисабз кўчасига қадар бўлган қисми вақтинча автоуловлар ҳаракати учун ёпилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 апрель куни Тошкент шаҳрида йирик спорт тадбирлари ўтказилиши сабабли Янги Ўзбекистон кўчасида ҳамда унга туташ кўчаларда автоуловлар ҳаракати вақтинча чекланиши хабар қилинган эди.
Шунингдек, Мирзо Улуғбек туманида кабель линияларини ўтказиш ишлари бошлангани муносабати билан, Султония кўчасининг Буюк Ипак йўли чорраҳасидан то Султония 5-тор кўчасигача бўлган қисмида 10 апрелдан 30 апрель соат 17:00 гача транспорт ҳаракати қисман чекланганди.
2025–2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари муносабати билан эса Мирзо-Улуғбек тумани — КҲАЙ бўйлаб «Crafers» заводи яқини ва 99-мактаб ҳудуди (КҲАЙ ва Оққургон кўчаси кесишмаси)даги автомобиль йўлининг бир бўлагида ҳаракатланиш имконияти 11 апрелидан 1 майигача чекланган.
Бундан ташқари, пойтахтнинг КҲАЙ кўчаси бўйлаб Туркқўрғон кўчаси кесишмасидан Хуршида кўчаси кесишмасигача бўлган қисмида 35 кВ ли юқори кучланишли ер ости электр узатиш кабель тармоқларини ўтказиш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Шу муносабат билан, жорий йилнинг 13 апрелидан 25 апрелигача Туркқўрғон кўчасининг бир қисмида автомобиллар ҳаракати вақтинча чекланди. Қайд этилишича, ҳаракат ҳар икки йўналишда йўлнинг битта томони орқали амалга оширилади.
Шунингдек, жорий йилнинг 18−19−20 апрель кунлари Сергели туманидаги Жалойир кўчасида асфальтлаш ишлари олиб борилди. Шу муносабат билан кўчада автомобиллар ҳаракати 3 кунга чекланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг