Тошкентда ШҲТ Иқтисодий форуми ва Саноат инновацион ярмаркаси ўтказилади

12:09 13 Август 2022 Сиёсат
1092 0

Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида (ИТСВ) 16-17 август кунлари Тошкентда ШҲТ Иқтисодий форуми ва Саноат инновацион ярмаркасининг ўтказилишига бағишланган брифинг ташкил қилинди.

ИТСВ маълумотига кўра, брифингда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов журналистлар ва блогерларга бўлажак тадбирлар минтақавий ва халқаро миқёсда долзарб аҳамиятга эга эканлиги ҳақида сўзлаб берди.

Жорий йилнинг август ойида Ўзбекистоннинг ШҲТга раислик қилиши доирасида жаҳон ҳамжамияти эътиборини минтақавий аҳамиятга молик энг муҳим масалаларга қаратиш имконини берадиган бир қанча муҳим халқаро тадбирлар бўлиб ўтди. Иқтисодий Форум мамлакатимиз томонидан сўнгги бир неча йил ичида олиб борилган ва бу йил ШҲТга раислик қилинаётгани муносабати билан фаоллашган кўп қиррали ташқи иқтисодий сиёсатининг мантиқий давомидир. Ушбу форматдаги Форумни Тошкентда ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ШҲТнинг 2020 йилда Москвада бўлиб ўтган саммитида илгари сурилган эди.

Форумнинг асосий вазифалари савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини, шунингдек, ШҲТ маконида иқтисодий ривожланиш ва амалий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш, Форум иштирокчи давлатларининг инвестициявий салоҳиятини намойиш этиш, барқарор ривожланишни таъминлаш ва иқтисодиёт тармоқлари салоҳиятини ошириш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Форумда давлат органлари раҳбарлари, ташқи иқтисодий фаолиятга масъул вазирликлар, шунингдек, ШҲТ давлатларининг халқаро ташкилотлари вакиллари иштирок этади. Унинг дастури Ялпи мажлис ва «ШҲТ доирасида истиқболли инвестициявий лойиҳалар», «Халқаро кооперация хусусиятлари ва савдо-иқтисодий алоқаларни тиклаш», «Рақамлаштириш даврида савдо-иқтисодий ҳамкорлик», «ШҲТ маконида «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш» мавзуларидаги тўртта панель муҳокамалардан иборат. Бундан ташқари, меҳмонлар учун ШҲТ Саноат инновацион ярмаркаси ўтказилади. Унинг мақсади ташкилот мамлакатларининг инновацион ғоялари, технологиялари ва лойиҳаларини тижоратлаштириш учун шароит яратишдир.

Брифинг якунида Азиз Воитов яна бир бор оммавий ахборот воситалари вакилларини форумда фаол иштирок этишга таклиф қилиб, ушбу халқаро миқёсдаги тадбирни ёритишда ахборот жиҳатидан қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер