Тошкентда «курьер» ичида 50 минг доллар бўлган сейфни ўғирлаб кетди (+видео)
Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида «курьер» офисдан ичида 50 минг АҚШ доллар миқдоридаги маблағ бўлган сейфни ўғирлаб кетди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Унда айтилишича, Ички ишлар органларига келиб тушган мурожаат асосида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тезкор қидирув хизмати жиноят қидирув бошқармаси томонидан ушбу жиноятда гумонланганларни аниқлаш мақсадида тезкор қидирув тадбирлари ўтказилган.
Натижада 1988 ҳамда 2000 йилларда туғилган шахслар, шунингдек, МЧЖда ҳайдовчи лавозимида ишловчи фуқаро қўлга олинган. Маълумотларга кўра, мазкур жиноят содир этилиши ва пулларнинг ўғирланишида МЧЖда ҳайдовчи бўлиб ишлаган шахс ҳам ёрдам берган.

Билдирилишича, офисга пулни ўғирлашга келган шахсга самокат, буюртма етказувчилар сумкаси ва шлем каскани айнан ҳайдовчи бўлиб ишлаган шахс берган. «Курьер» эса тунда Юнусобод туманида жойлашган офисга келиб ертўлада ичида 50 минг АҚШ доллар пули бўлган сейфни олиб, воқеа жойидан қочиб кетган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг