Тошкент вилоятида ССБ ходими 40 минг доллар билан ушланди
Видеодан кадр
Тошкент вилояти ССБ ходими бошқармага қарашли тиббиёт буюмларини 57 минг долларга сотишга келишиб, пулларнинг 40 минг долларини олаётган вақтида қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг масъул ходими Махсус тиббий таъминот базасида сақланаётган тиббиёт буюмларини сотмоқчи бўлган. У харидорга ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали 57 минг 880 долларга сотишга келишган.
Бироқ олдиндан 40 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддасининг 1-қисми (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Шунингдек, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани электр таъминоти бўлими бош муҳандиси жамиятга қарашли «Энергосавдо» корхонасининг туман бўлими назоратчиси билан ўзаро тил бириктирган.
Улар тадбиркорнинг М-39 халқаро автомагистраль йўли ёқасидаги майдонига электромобилларни қувватлантириш шохобчасини ташкил этиши учун 400 кВтли трансформатор ўрнатиш, ҳужжатларни тайёрлаш ва тармоққа улаб бериш эвазига 90 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 214-моддаси (Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши) 3-қисми «в», «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Наманган шаҳридаги мактаблардан бирининг директор ўринбосари абитуриентлардан 20 минг доллар талаб қилиб, ундан 8 минг доллар ва 156 млн сўм олган вақтида қўлга олинган.
У ОТМга ўқишга киришда йўналиш бўйича кимё ва биология фанларидан имтиёз берувчи миллий сертификат олиш бўйича имтиҳонларнинг тест саволлари ва жавобларини мансабдор танишлари орқали олиб бермоқчи бўлган.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддасининг 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг