Тошкент вилоятида қарийб 3 кг синтетик наркотик моддалар мусодара қилинди
Тошкент вилоятида Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда хориждан олиб келинган кучли таъсирга эга синтетик гиёҳвандлик воситалари тўхтатиб қолинди.
Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида ўтказилган тадбирда Тошкент шаҳрида яшовчи икки нафар шахс қўлга олинди. Улардан бири (1993 йилда туғилган) муқаддам судланган ва ҳозирда пробация ҳисобида турган бўлса, иккинчиси унинг 1995 йилда туғилган шеригидир.
Улар дала майдонидаги хуфия жойдан (закладка) 2 кг 381 гр «Алфа-ПВП» моддасини олиб қайтаётган вақтда ушланган. Аниқланишича, ушбу заҳри қотил «Телеграм»даги наркодўкон орқали Россия Федерациясидан олиб келинган.
Янгийўл шаҳрида ўтказилган тадбирда тижорат банкларидан бирининг икки нафар мутахассиси ва уларнинг 1998 йилда туғилган таниши қўлга олинди.
Маълум бўлишича, банк ходимлари Янгийўл туманидаги дала майдонига наркокурьерлар яшириб кетган 485 гр «Алфа-ПВП» моддасини қабул қилиб олиб, танишининг хонадонида сақлаб келишган. Тезкор кўрилган чоралар натижасида гиёҳвандлик моддалари ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Гумонланувчи шахсларга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
ДХХ огоҳлантиради: Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ шубҳали ҳолатларга дуч келсангиз, ДХХнинг 1520 қисқа рақамига хабар беринг. Хабар берган шахснинг махфийлиги тўлиқ кафолатланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг