Тошкент вилоятида ҳокимлик ходими пора билан қўлга тушди
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда «Хавфсизлик» Telegram-канали.
Унда айтилишича, ўтказилган тезкор тадбир давомида Оҳангарон туман ҳокимлиги бош юрисконсульти «Эйвалек» МФЙда жойлашган ва ҳокимлик балансида бўлган хонадонни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 1 минг 500 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Маълумотларга кўра, бош юрисконсульт муқаддам бир неча маротаба судланган. Шунга қарамасдан у ўзи учун тегишли хулоса чиқармасдан, ноқонуний ҳаракатларини давом эттирган.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг