Тошкент вилоятида айрим шаҳар ва туман ҳокимлари сўнгги бор огоҳлантирилди

10:50 01 Ноябрь 2021 Жамият
2091 0

Фото: Шодиёр Мутаҳаров / Халқ сўзи

Халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгашининг навбатдаги сессияси танқидий ва ишчанлик кайфиятида бўлиб ўтди. Депутатлар кун тартибига қўйилган асосий масалалар - вилоят ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари, солиқ тўловлари, экспорт, мурожаатлар билан ишлаш, тадбиркорлик, кичик бизнес, саноат, хизматлар кўрсатиш, чакана савдо, инвестиция, хотин-қизлар ва ёшлар муаммолари муҳокамасига  эътибор қаратишди.

Президентимизнинг “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича амалга оширилган ишлар натижасида Тошкент вилоятида ҳудудий экспорт режаси кўрсаткичларида ўсиш қайд этилмоқда. Жорий йилнинг январь-август ойларида 467,5 миллион долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорти амалга оширилиб, белгиланган прогноз 106,8 фоизга бажарилган. Маҳаллий саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш борасида ҳам ютуқлар кўзга ташланмоқда. Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хизматлар соҳаси, чакана савдо айланмасида ҳам ижобий натижалар мавжуд.

Сессияда вилоятда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ахборот берилди. Таъкидланишича, туман ва шаҳарлардаги меҳнат ярмаркалари орқали аҳоли бандлиги таъминланмоқда. Айниқса, муқаддам судланганларни ишга жойлаштириш жараёни тўлиқ қамраб олинган. Бу ҳам фуқароларнинг ишсиз юриши оқибатида содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар сони кескин камайишига олиб келмоқда. Шунингдек, профилактика инспекторларининг жамоатчилик ва маҳалла фаоллари билан юзма-юз мулоқотларида жиноятчилик ҳолати юзасидан мунтазам ҳисобот берилмоқда. Масалан, жорий йилнинг август ойида 911 нафар, сентябрь ойида эса 923 нафар профилактика инспектори ана шундай ҳисоботларни халққа тақдим этди. Фуқаролар билан қилинган ҳамкорлик натижасида ўтган 9 ойда содир этилган жиноятларнинг 92,7 фоизи фош этилди.

Бироқ ҳали вилоят ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда камчилик ва нуқсонлар етарли. Жойларда солиқ тўловларини йиғиш даражаси кўнгилдагидек эмас. Бу борадаги асосий улуш Зангиота, Қибрай, Тошкент тумани ҳамда Чирчиқ ва Ангрен шаҳарлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Мол-мулк ва ер солиғи кўрсатгичи ҳам ҳисобот даврида 87,3 фоизга бажарилган.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига қилинган мурожаатларни ҳал этиш масаласида Тошкент, Зангиота, Янгийўл, Қибрай туманлари, Чирчиқ, Нурафшон, Бекобод шаҳарларида оқсоқлик кузатилмоқда. Айнан маҳаллий раҳбарларнинг аҳоли мурожаатларини ҳал этишни пайсалга солиши оқибатида Тошкент, Оққўрғон, Зангиота туманларидан такрорий мурожаатлар келиб тушмоқда.

Ҳудудларда ҳисобланган ва ундирилмасдан қолган солиқ тўловлари, жумладан, мол-мулк ва ер солиғи ундирилиш даражаси паст бўлган туман ва шаҳарларда ишчанлик кайфияти етишмаётир. Шунингдек, вақтинча иш фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектлари бўйича ҳам тезкор чоралар кўриш талаб этилмоқда. Буларнинг барчаси вилоятнинг мавжуд салоҳияти ва имкониятидан тўлиқ фойдаланмаслик оқибатида юзага келаётир.

 Вилоятда ишсиз, жумладан, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилганларни янги лойиҳалар ҳисобига яратиладиган иш ўринларига жойлаштириш, уларни қайта касбга ўқитиш, тадбиркорликка йўналтириш, томорқаси учун субсидия ажратиш, ҳудудларда кооперативларни ташкил этиш орқали бандлик даражасини ошириш муаммолари ҳам долзарб бўлиб турибди.

Сессияда айтиб ўтилганидек, Чирчиқ шаҳар ҳокими С. Юсупов, Нурафшон шаҳар ҳокими М.Солиев, Бекобод шаҳар ҳокими З. Файзуллаев, Оққўрғон тумани ҳокими Ф. Омонов, Қибрай туман ҳокими М. Миркасимов аҳоли мурожаатлари билан ишлашда камчиликларга йўл қўйган. Янгийўл туман ҳокими У.Ялгашев, Зангиота туман ҳокими А.Тамикаев, Тошкент туман ҳокими О.Рустамов эса фаолиятидаги сусткашликлар учун сўнги маротаба огоҳлантирилди.

Тошкент вилояти ҳокими Д. Ҳидоятов бошқарган сессияда Кенгаш ваколатидаги бошқа айрим жараёнлар ҳам танқидий-таҳлилий тарзда кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Шодиёр МУТАҲАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер