Тошкент вилоятида 2,8 миллиард сўмлик сифати кафолатланмаган дори воситалари мусодара қилинди
Тошкент вилоятида дори савдоси билан ноқонуний шуғулланган шахслар фош этилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Оҳангарон тумани бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида йирик миқдорда ноқонуний дори воситалари мусодара қилинди.
Тадбир давомида фуқаролар А.А. ва К.Т. хорижда ишлаб чиқарилган 5 минг қути «Неофаген» номли дори воситасини фуқаро Г.Б.га 45 минг АҚШ долларига ноқонуний сотишга уринган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Тергов давомида ушбу шахслар Андижон вилояти, Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро Р.Б. билан ҳамкорликда иш юритгани аниқланди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, Р.Б.нинг яшаш жойида қўшимча дори воситалари сақлангани маълум бўлди. Олиб борилган текширувлар натижасида умумий баҳоси 2,8 миллиард сўмга тенг бўлган 7 760 қути ноқонуний дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ишлаб чиқариш, сақлаш ва тарқатиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳуқуқ-тартибот органлари ноқонуний дори савдосининг олдини олиш учун назоратни кучайтиришга чақирмоқда.
Фуқаролардан фақат расмий дорихоналар орқали сифатли ва хавфсиз дори воситаларини харид қилиш тавсия этилади. Қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган тақдирда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш лозим.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг