Тошкент шаҳрида ўтган 6 ойда 3 нафар она фарзандини «Тез ёрдам» машинасида дунёга келтирган — ССВ
Фото: ССВ матбуот хизмати
Туғруқ амалиёти — ўта мураккаб жараён. Шу сабабли унинг хавфсиз ва асоратсиз кечиши бевосита тиббиёт ходимларининг касбий билим ва малакаси, уларнинг тажриба ҳамда маҳоратига боғлиқ.
Бироқ баъзида шундай ҳолатлар бўладики, ҳомиладор аёлда тўлғоқ тўсатдан бошланади. Натижада ушбу амалиётни уйда ёки йўлда бажаришга тўғри келади.
Мана шундай кутилмаган вазиятларда, табиийки, тез тиббий ёрдам хизмати шифокор ва ҳамшираларидан янада масъулият ва қатъият, тезкорлик ва ўта зийраклик талаб этилади. Акс ҳолда, она ва боланинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.
Қайд этиш керак, юртимиз «Тез ёрдам» хизмати ходимлари ана шундай фавқулодда туғруқ жараёнларининг муваффақиятли кечиши ҳамда она ва бола саломатлигини асраш учун зарур билим ва малакага эга.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида Тошкент шаҳар «103» хизматига туғруқ ва ҳомиладорлик патологиялари бўйича жами 21 минг 143 та чақириқ келиб тушган. Шундан 38-40 ҳафталик ҳомиладорлик даврида бўлган 2342 нафар аёл туғруқ учун мурожаат қилган.
Қолаверса, тез тиббий ёрдам хизмати ходимларининг бевосита саъй-ҳаракати туфайли 25 нафар ҳомиладор аёл ўз уйида фарзандли бўлган.
Кутилмаганда бошланган туғруқ ва яна бошқа омиллар сабабли эса 3 нафар она чақалоғини «Тез ёрдам» машинасида дунёга келтирган.
Энг муҳими, «103» бригадаларининг тезкор амалга оширган тиббий ёрдами туфайли ушбу туғруқ жараёнларининг барчаси муваффақиятли ва ҳеч қандай асоратларсиз кечган.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, 2022 йил январь-июнь ойларида Тошкент шаҳар «Тез ёрдам» хизматига жами 622 минг 578 та чақириқ келиб тушган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг