Тошкент шаҳрида очилган Magic City парки аҳолига чинакам байрам кайфиятини улашяпти
Ҳасан ПАЙДОЕВ - "Ҳалқ сўзи"
1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида пойтахтимизда яна бир хайрли ишга қўл урилди. Гап шундаки, Тошкент шаҳрида собиқ Миллий боғ ўрнида янги ва замонавий Magic City парки очилди. Magic City — улкан сеҳрли шаҳарча бўлиб, у болаларга эртакнамо шукуҳ ва табассум улашмоқда. Кеча Magic City паркида кам таъминланган оилалар фарзандлари, болалар уйи ва мактаб-интернатлар ҳамда олимлар оилалари фарзандлари учун хайрия кечаси бўлиб ўтгани ҳам ана шундан далолат, албатта.

Тадбирнинг асосий мақсади — болалар учун байрамона кайфият яратиш, шунингдек, боғ тарихи билан таништириш эди. Кеча байрам муносабати билан The Magic жамоаси болалар сеҳрли боғнинг асосий қаҳрамони — Фаникл билан биргаликда ҳақиқий саёҳатга чиқишлари мумкин бўлган шоу дастурни тақдим этди. Оқшомни ташкиллаштириш учун тeaтр актёрлари, балет ва цирк труппаси, акробатлар, шунингдек, юртимизда таниқли бўлган болалар ансамбл жамоалари жалб қилинди.
Истироҳат боғи ҳудудида эртакнамо муҳитни яратиш учун меҳмонларни тахтаоёқ актёр, масхарабоз ва аниматорлар кутиб олишди. Бундан ташқари, меҳмонлар фавворалар шоуси гўзаллигидан баҳраманд бўлишди ва тадбирнинг якуний босқичида ҳайратланарли мушакбозлик уюштирилди. Шоу якунида барча болаларга бренд футболкалар, кепкалар, шарлар, “Танга билан дунё бўйлаб” китоби ва Crafers томонидан ширинлик ва совғалар тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, парк ҳудудида сайр қилиш учун тематик кўчалар, Регистон ва Колизей майдонлари, мусиқали фаввора, парк марказидаги эртакнамо қаср, шунингдек, Ўзбекистондаги биринчи бино ичидаги аттракционлар парки ишга тушган.
Ҳар куни 10:00 дан 23:00 гача иш фаолиятини олиб борадиган ушбу паркка кириш бепул. Бу ота-оналару болажонларга ғоятда манзур бўляпти.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг