Тошкент халқаро инвестиция форуми: соҳалар равнақи муҳокама қилинди
Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи"
Хабар берганимиздек, Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида кўплаб учрашув ва тадбирлар ташкил этилмоқда. Хусусан, унинг биринчи кунида «Транспорт тизимларини рақамлаштириш», «Марказий Осиёда савдо оқимларининг трансформацияси ва капиталлашуви» мавзуларида ҳамда 4.0 саноат рақобатбардошлигига бағишланган сессиялар бўлиб ўтди.
Транспорт вазири ўринбосари Жасур Чориевнинг айтишича, бугун мамлакатимизда давлат секторининг барча соҳаларини рақамлаштиришга эришилган. Хусусан, Транспорт вазирлигида барча хизматлар ва ахборот алмашинув тизимини рақамли форматга ўтказилган. Авиация соҳасида энг катта қадам — аэропортлар ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» фаолияти ва бошқаруви тўлиқ рақамлаштирилган. Буларнинг барчаси ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун катта имкониятлар яратади. Темир йўл соҳасида ҳам рақамлаштириш йўлидан бориляпти. Тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилиб, чипталар рақамли платформа орқали сотилмоқда.
«Марказий Осиёда савдо оқимларининг трансформацияси ва капиталлашуви» сессияси иштирокчилари бугунги кунда транспорт инфратузилмасини яхшилаш борасида сўз юритишди, хусусан, товар етказиб беришда кечикишлар камаяётгани ва ортиқча тўсиқлар бартараф этилаётгани иқтисодий кўрсаткичларга ижобий таъсир қилаётганини таъкидлашди.
Шунингдек, 4.0 саноат рақобатбардошлигига бағишланган ялпи мажлисда эса мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини барча соҳага, биринчи навбатда, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигига кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
«Савдони эркинлаштириш ва иқтисодий интеграция» мавзусида бўлиб ўтган сессиясида иқтисодиётнинг рақобатдошлигини ҳамда савдони эркинлаштириш масалалари муҳокама этилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг