Тошкент “Ипак йўлида туризм” халқаро сайёҳлик ярмаркасига тайёргарлик кўрмоқда
Шу йилнинг 15 — 17 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида “Ипак йўлида туризм” 28-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси (ТХТЯ-2023) бўлиб ўтади.
Ярмарка доирасида Франция, Чехия, Япония, Малайзия, Таиланд, Сингапур, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон, Беларус, Озарбайжон, Хитой ва бошқа 20 давлатнинг сайёҳлик ташкилотлари миллий стендлари тақдим этилади.
Бундан ташқари, тадбирнинг бизнес қисмида туризм соҳасидаги етакчи халқаро ва маҳаллий мутахассислар иштирокида Халқаро форум ҳамда сессиялар ўтказилади. Шунингдек, турли мамлакатларнинг хусусий компаниялари вакиллари ўртасида В2В учрашувлари, давра суҳбатлари, сайёҳлик хизматлари ва ҳунармандчилик кўргазмалари, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига эга ҳудудлари тақдимотлари, маҳаллий ва хорижий ошпазлар иштирокида гастро-бозор ташкил этилиши режалаштирилган.
2022 йилда 2 йиллик танаффусдан сўнг ТХТЯ ўз тарихида биринчи марта бюджет маблағларини жалб қилмасдан, давлат-хусусий шериклик кўринишида ташкил этилди. 30 ноябрдан 2 декабргача бўлган уч кун давомида ярмаркада 11 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашди. Шунингдек, тадбир якунлари бўйича ярмаркада 300 та корхона вакиллари иштирок этиб, 7 мингга яқин шартнома имзоланди.
Ярмарка 1995 йилдан бери БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти кўмагида ўтказиб келинмоқда. Тадбир ҳар йили туризм соҳасининг юзлаб мутахассисларини ўзида жамлайди ва ушбу соҳани халқаро миқёсда ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг