Тўрақўрғонда икки минг чавандозга мўлжалланган от спорти майдони очилди
Фото: "Халқ сўзи"
Тўрақўрғон – чавандозлар юрти. Бу ерда спортнинг аждодлардан мерос қолган ушбу турига алоҳида эътибор қаратиб келинади. Оммавийликни таъминлашда моҳир чавандозлар иштироки, айниқса, ибратли. Улардан бири – Алимардон Бозоров нафақат Наманган вилояти, балки қўшни республикаларда ҳам ном қозонган. У замон билан ҳамқадам бўлиб, ўзи раҳбарлигидаги "Денгиз тулпори" МЧЖ қошида от спорти майдонини ташкил этди.
Ушбу майдоннинг очилиш маросими туманда катта спорт байрамига айланиб кетди. “Кўк бўри”, от устида кураш ўйинлари улоқ-кўпкарига уланди. Кўпкарида қатнашиш учун қўшни Қирғизистон, Қозоғистон давлатларидан, Фарғонанинг Қўқон, Марғилон шаҳарлари, Наманганнинг Чуст, Наманган, Уйчи туманларидан жами 500 нафардан зиёд чавандозлар ҳозир бўлди.
Маълумот учун, қарийб 6,5 гектар ер майдонидан иборат бўлган ушбу спорт майдони бир йўла 2000 отлиқни ўз ичига олиш қувватига эга. Келгусида туризм салоҳиятини ошириш учун масъулияти чекланган жамият қошида меҳмонхона, от спорти мактаби, дам олиш сиҳатгоҳи, даволаниш клиникасини ҳам барпо этиш режалаштирилган.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг