Тўпга тутилган, омборхона, ҳибсхона бўлган масжид ҳақида биласизми?

20:19 04 Март 2022 Жамият
1414 0

Фото: Халқ сўзи

Донишманд аждодларимиздан қолган моддий-маънавий мерос – осори-атиқаларни асраш ва ёш авлодни тарих сабоқларидан бохабар этиш бугуннинг муҳим вазифаларидан саналади. Бинобарин, жонажон юрт тарихини билиш англаш ўзликни англаш демакдир.

Қатағон қурбонлари хотираси музейи Қарши шаҳридаги Одина масжидида жойлашган. Буюк тарихимиздан далолат берувчи ушбу обида 1386 йилда улуғ бобокалонимиз, соҳибқирон Амир Темур томонидан бунёд этилган. Не-не қатағонларни бошидан ўтказган масжид вайрон қилинган. Мустабид тузум даврида эса дастлаб омборхонага айлантирилган, 1938 йилдан то мустақилликка қадар қамоқхона вазифасини бажарган.

— Қатағон қурбонлари хотираси музейининг айнан Одина масжидида жойлаштирилишида рамзий маъно бор, — дейди музей экскурсоводи Дилбар Ҳимматқулова. — Чунки миллатимизнинг не-не асл фарзандлари шу табаррук масканда қамоқда сақланган. Уларнинг адолат истаб ёзган мактублари масжид деворлари қатларида қолиб кетган. Ҳар гал бу ҳақида сўзлаганимда юрагимда нимадир узилгандай бўлади. Бугунги мунаввар кунларга қайта-қайта шукроналар айтаман.

Бугунги кунда музейда 11 та бўлим ҳамда уч мингдан зиёд ноёб экспонат мавжуд. Уларда Туркистон ўлкасида олиб борилган мустамлакачилик сиёсати ва қатағонларни акс эттирувчи ноёб тарихий фотосуратлар, хариталар, ашёлар ва бошқа манбалар акс эттирилган. Шунингдек, музейда ёшлар клуби ҳамда кутубхона ташкил қилинган бўлиб, саёҳатчилар имкон қадар бой тарихимиз ва маънавий меросимиз билан таништириб борилмоқда.

Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер