«Толибон» биринчи марта аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайинлади

18:47 02 Февраль 2022 Дунё
1513 0

Фото: pixabay.com

«Толибон» ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг биринчи марта мамлакатда раҳбарлик лавозимларига аёллар тайинлангани ҳақида эълон қилди. Бу ҳақдаги тегишли баёнот Афғонистон муваққат ҳукумати ахборот ва маданият вазири ўринбосари Забиҳуллоҳ Мужоҳид томонидан эълон қилинди.

«Муваққат Вазирлар маҳкамаси раҳбарининг фармойишига билан доктор Малалай Раҳим бутун мамлакатдаги ягона акушерлик ва гинекология муассасаси бўлган «Малалай» ихтисослаштирилган туғруқхонаси директори этиб тайинланди. Олий таълим вазирлиги таклифи ва муваққат ҳукуматдаги бош вазирнинг розилиги билан доктор Ариан «Шаҳрор» гинекология клиникаси директори этиб тайинланди», дейилади хабарда.

Ушбу тайинловлар олдидан «Толибон» ҳаракати аъзолари қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан кўплаб учрашувлари бўлиб ўтди. Уларда хотин-қизларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштироки масаласи кўтарилди.

Кобулдаги Абу Али ибн Сино номидаги Тиббиёт фанлари университети қошидаги «Малалай» миллий ихтисослаштирилган туғруқхонаси ва «Шаҳрор» гинекология клиникаси оналар ўлими ўткир муаммо бўлган Афғонистонда шу йўналишдаги энг яхши муассасалар ҳисобланади.

Халқаро ҳамжамиятнинг фаол қўллаб-қувватлаши туфайли, БМТ маълумотларига кўра, сўнгги 20 йил ичида Афғонистонда чақалоқлар ўртасида ўлим (ҳар 100 минг туғилган чақалоққа) 2000 йилдаги 1450 тадан 2019 йилда 638 тагача камайди. Шунга қарамай, бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер