«Толибон» Афғонистонга қўшни давлатларни ўз ҳудудига АҚШ ҳарбий базаларини жойлаштирмасликка чақирмоқда
Жорий йил охирига қадар АҚШ ҳарбий кучларини Афғонистондан тўлиқ олиб чиқиб кетиши кутилмоқда.
Шу кунларда бир қатор хориж ОАВларида АҚШ минтақада мавқеини сақлаб қолиш учун Яқин Шарқ ёки Жанубий Осиёнинг бирор давлатида ўз ҳарбий базаларини жойлаштириши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Ана шу хабарлар ортидан «Толибон» ҳаракати Афғонистонга қўшни давлатларни ўз ҳудудига чет эл ҳарбий кучларини жойлаштирмасликка чақирди.
«Биз ўз еримиздан бошқалар хавфсизлигига қарши фойдаланилмаслигини бир неча марта маълум қилдик ва бошқаларни ҳам ўз ерлари ва ҳаво ҳудудларидан мамлакатимизга қарши фойдаланмасликка чақирамиз», — дейилади «Толибон» ҳаракати баёнотида.
Баёнотда қайд этилишича, айнан хорижий кучлар минтақада хавфсизлик мавжуд эмаслиги ва урушларнинг асосий сабабчиси ҳисобланади.
«Толибон» акс тақдирда «барча машаққат ва қийинчиликлар учун жавобгарлик бундай хатоларни содир этганларнинг зиммасига юклатилишини» таъкидлади.
Хориж ОАВларида АҚШ ҳарбий кучлари жойлашиши мумкин бўлган мамлакатлар сифатида Тожикистон ва Ўзбекистон ҳам айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил январда қабул қилинган Ўзбекистон Мудофаа доктринасига мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида хорижий ҳарбий база ва объектларни жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
Баъзи кузатувчилар Покистонни АҚШ қўшинлари жойлашиш мумкин бўлган жой сифатида айтмоқда.
Покистон ташқи ишлар идораси вакили “Reuters” агентлигига берган интервьюсида АҚШнинг Покистондаги базалардан фойдаланиши ҳақидаги ҳар қандай гап асоссиз эканлигини таъкидлаган.
Ўз навбатида, Пентагон «Толибон»нинг бу баёнотини тасдиқламади.
«Мен бу ҳақда хабарни кўрдим, аммо улар («Толибон» таҳр.) ушбу хабарни юборганлигини тасдиқлай олмайман», деди Пентагон матбуот котиби Жон Кирби.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг