"Токио — 2020": Шаҳобиддин Зоиров чорак финалда ҳакам ва шифокорнинг тушунарсиз қарори сабаб иштирокини тўхтатди
Бокс бўйича Рио-2016 чемпиони, ҳамюртимиз Шаҳобиддин Зоиров Токио-2020 Олимпиадасидаги юришини чорак финалда тўхтатмоқда.
Боксчимиз ярим финал остонасида филиппинлик Карло Паламга қарши рингга кўтарилди. Иккинчи раунд ўтиб бораётган бир вақтда шифокорлар Зоировнинг жароҳати сабаб беллашувни давом эттиришга рухсат беришмади, деб хабар берди МОҚ.
Бу вазиятда қоидага кўра ўша пайтгача олинган очколар ҳисоб-китоб қилинади. Афсуски, бу борада устунлик филиппинлик боксчи томонида бўлди ва вакилимизнинг мағлубияти қайд этилди.
Шаҳобиддин ҳам, Карло ҳам рингни йиғлаб тарк этди. Ҳамюртимиз адолатсиз қарор аламидан, иккинчиси мағлубиятга тайёр ҳолда чиқиб ғолиб бўлганидан.
Тан олишимиз керак, бу Олимпиадада Ўзбекистон бокс терма жамоаси рақибларнинг муносиб қаршилигидан эмас, ҳакамларнинг "зарбалари"дан кўпроқ азият чекмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг