“Токио — 2020” йўлланмалар сони 20 та бўлди
Иорданиянинг Амман шаҳрида бокс бўйича Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари учун йўлланма берувчи лицензион турнир давом этади. Мусобақанинг кеча бўлиб ўтган чорак финал баҳслари доирасида 6 нафар вакилимиз “Токио — 2020” йўлланмаси учун рингга кўтарилишди.
Жумладан, 52 кг.гача вазнда Шаҳобиддин Зоиров эронлик Омид Аҳмадисафани мағлуб этган бўлса, 63 кг.гача вазнда Элнур Абдураимов австралиялик Харрисон Гарсейддан устун келди.
Миразизбек Мирзаҳалилов (-57 кг.) эса гонгконглик Синг Ю Цони мағлуб этишни уддалади. Ушбу ғалаба юртдошимизга Токио Олимпиадасининг йўлланмасини ҳам тақдим қилди. Таъкидлаш жоиз, бу делегациямизнинг Токио-2020 Олимпия ўйинларига қўлга киритган йигирманчи йўлланмаси бўлди.
Сўнгги баҳсда ҳамюртимиз Фанат Қаҳрамонов (-75 кг) ҳам Олимпиада лицензияси учун ўтиш босқичида иштирок этди. Афсуски, эронлик Сейедшаҳин Мусавига қарши баҳс юртдошимизнинг мағлубияти билан якунланди. Шу тариқа Фанат Қаҳрамонов мусобақадаги иштирокини тугатди.
Кечки дастур доирасида рингга кўтарилган қизларимиз Турсуной Раҳимова(-51 кг) ва Райҳона Қодирова (-60 кг) имкониятни бой бериб қўйишди. Бироқ Раҳимованинг вазн тоифасида 6 та йўлланма ўйналиши унинг лицензия учун курашиш имконияти мавжудлигини англатади.
Шу тариқа, Токио Олимпиадасига Шаҳобиддин Зоиров (-52), Миразизбек Мирзаҳалилов (-57), Элнур Абдураимов (-63),Бобоусмон Батуров (-69 кг), Санжар Турсунов (-91), Баҳодир Жалолов (+91 кг) йўлланма олди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг