ТИВ: Яқин Шарқдан қарийб 33 минг нафар ўзбекистонлик ватанига қайтарилди
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, 13 март эрталабки ҳолатга кўра, Яқин Шарқдан 32 934 нафар ватандошимиз Ўзбекистонга қайтарилган.
Маълумотларга кўра, 12 март куни Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонаси томонидан 49 нафар фуқаро кейинчалик Тошкентга учиб кетишлари учун БАА ва Саудия Арабистонига кўчирилиши таъминланди. Ҳозирда навбатдаги фуқаролар гуруҳи шакллантирилмоқда ва уларни Доҳадан Дубай орқали Ўзбекистонга қайтариш масалалари кўриб чиқилмоқда.
Ўзбекистоннинг БААдаги дипломатик ваколатхоналари томонидан 147 нафар фуқаронинг Тошкентга учиб кетишига кўмаклашилди. Эрондаги элчихона эса 5 нафар ватандошимизнинг қўшни давлатлар ҳудуди орқали чиқиб кетишини таъминлади. Ватанига қайтиш истагини билдирган фуқаролар билан ишлар давом эттирилмоқда.
Исроилда дипломатлар тўрт нафар фуқаронинг Миср орқали Ўзбекистонга қайтишини ташкиллаштирдилар.
Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси ва Жиддадаги Бош консулхонаси Транспорт вазирлиги билан ҳамкорликда 2 735 нафар фуқарони чартер рейслари орқали қайтаришни таъминлади. Ушбу мамлакатдаги эвакуация тадбирлари якунланди.
Дипломатик ваколатхоналарнинг Ўзбекистон фуқароларини ватанига хавфсиз қайтаришни таъминлаш бўйича ишлари давом этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг