Тил ўлмайди
2019 йилнинг 21 октябрида еру самолардан саодатли шуълалар ёғилиб турган дамларда янги Халқаро Конгресс марказининг муҳташам залида давлат тилимиз ҳақидаги Қонуннинг 30 йиллиги анжуманида жўшқин ҳиссиётлар оғушига ғарқ бўлиб ўтирдик. Ўзбекистон Президентининг нутқида пайдар-пай янграётган, тилимизнинг истиқболига йўллар, уфқлар очаётган сўзлар, ҳаётбахш ғоялар оҳанрабодек ўзига тортиб олган, ром этганди ҳаммамизнинг фикру хаёлимизни.
Муносабат
Шу сўзлар, прагматик ғоялар билан бирга давлатнинг тил сиёсатида янги давр бошланаётган эди. Бу умидбахш янги келажак ҳам эди.
Ҳа, бу тилимизнинг тоза ва янги бугуни! Тоза ва тобора янгиланиб борадиган эртанги куни — келажаги!
Президентимизнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир фикри бениҳоя жиддий ва бениҳоя ўлчовли, вазни ва залвори чўнг тафаккур йўналишларида тил сиёсати, тил тараққиёти қонуниятлари ва қонунлари ёрқин ифодаланарди.
Яшириб нима қиламиз: ахир биз ҳаммамиз бир миллат бўлиб, улкан халқ бўлиб неча замонлар қўрқиб келмадикми, юракларимизни ҳовучлаб юрмадикми, гоҳ тушкунликларга тушмадикми, тилим ва тилимиз империализм ва глобализм замонларида қўлланиш доираси торайиб боряпти, улуғ тиллар қуршовида фақат маиший тилга, деҳқон, чорвадор, ҳунарманд тилига айланиб қоляпти, жонимиз, толейимиз, ҳаётимиздан худди айрилаётгандек йўл тополмай, уни йўқотиб юрмадикми?!
Оҳ, ул тушкунликлар, ул йўлсизликлар буткул орқада қолиб кетгани рост, рўйи-рост бўлсин!
Рост, Президентимизнинг нутқидан, унинг кетма-кет қабул қилинган қарор ва Фармонидан шуни уқдик — кўксимизга тирилишнинг насими урилди.
— “Она тилим ўлмайди!” деган ўлмас нидо янги XXI аср жаҳоний сарҳадларига чиқди.
Менинг чексиз тўлқинланган, ҳаяжон қамраган юрагимга бу сўзлар, ғоялар тизимлари тилимизнинг, тил сиёсатимизнинг юксак чўққиларга қадалган ғолиб, шан ялови бўлиб кўринади.
“Йўқолсин тилимиз”, деган машъум бойқушлар саслари!
Бугун она тилим, қадимдан қадим давлат тилим, миллий тилим байрам қилмоқда!
Сезмоқдасизми, бу мислсиз байрам шукуҳларини?!
Ўзбек тилининг байрами!
Қодирий, Чўлпон, Фитратлар — миллат маънавий руҳоний дарғалари орзу қилмаганмиди бу улуғ байрамни?! Бу буюк истиқболни?!
Улуғ Навоий муҳокама қилиб, очмаган эдими тилимизда етти минг олам гўзалликларини?!
Давлат бошдан оёқ, аввалу охир бу — сиёсатдир.
Давлат тили — бошдан оёқ, зоҳиру ботин сиёсатдир.
Давлат тили ва унинг асос замини бўлмиш она тили бу азал-абад ҳаёт-мамотдир.
Яшаш учун, мустақиллик учун, озодлик учун курашларнинг туб асосидир.
Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги тарихий Фармонидаги “нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш” деган иборасидаги “туб” сўзига эътибор берайлик. Қанча гўзал маънолар, улуғ асослар жам бўлиб ифодаланган унда!
Бу асли неча минг йиллик тарих! Неча минг йиллик тинимсиз табиий яшаш учун кураш!
Халқимизнинг асос замирида доимо шу кураш туйғуси яшагани учун ҳам у асл маънода туб!
Туб томирлар ер қаърига шу қадар теран кетган экан, у ҳеч қачон замин куррасидан йўқолмайди.
Мангу тараққиётда яшайди!
Давлат тили мақомидаги (мақом — улуғ ҳуқуқлар билан мустаҳкамланган демакдир) она ўзбек тилимизнинг янги келажагига (бунга барча асослар мавжуд) “Тошкент Сити”дек янги дунё рамзи бўлмиш цивилизация, маданият, иқтисодиёт, бизнес ва бозор тамойиллари қароргоҳларида асос қўйилганида ҳам халқимиз, жамиятимизга, жаҳон афкор оммасига олам-олам маънолар намоён бўлаётгани кундай равшан.
Минг йилларча яшаб-яшнаб келаётган тилимиз яна минг йилларча яшаб-яшнайди. Бунга ишончимиз комил.
Президентимиз бу азму қарор барча Ўзбекистон фарзандлари қалби ва онгидан жой олсин! — дейди. У тилимиз тараққиётини мустақиллигимиз тараққиёти билан чамбарчас боғлаб қараяпти ва биз — барчамизни ҳам шунга чорлаяпти.
Ўзбек тили — барча гўзал туркий тилларнинг ёмби олтин бўғини, битмас-туганмас олмос ўзаги.
Ўзбекистонимизнинг Президентимиз саъй-ҳаракатлари натижасида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо бўлиб кириши ҳам маъно эътибори билан туганмас тараққиёт учун асос бўлади.
Президентимиз давлат тили миллий ғоямизнинг бош таомили деб эълон қилди ва уни мустақиллик ғояси билан баробар мақомга кўтарди.
Ана энди ҳаракат, ҳаракат ва яна ҳаракат! Бу улуғ, очиқ йўллар бизга муборак бўлсин!
Иброҳим ҒАФУРОВ, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг