Тил ўрганувчилар диққатига: TOEFL iBT сертификати баҳолаш мезонларига ўзгартириш киритилди
TOEFL iBT сертификати баҳолаш мезонларига ўзгартириш киритилди. Бу ҳақида Таълим назорати Telegram-канали маълумот берди.
Хабарда айтилишича, эндиликда TOEFL ҳар бир бўлим учун 1.0 дан 6.0 гача балл тизимини қўллайди. Бу баллар 0.5 банд оралиғида олинади (масалан, 1.0, 1.5, 2.0 … 6.0). Ҳар бир бўлим — Reading, Listening, Speaking ва Writing — ўз алоҳида баллини олади. Имтиҳоннинг умумий балли эса тўрт бўлим балларининг ўртача қиймати бўйича, энг яқин 0.5гача (half-band) яхлитланади.
Масалан: Reading — 5.0, Listening — 4.5, Speaking — 5.0, Writing — 4.5 бўлса, ўртача 4.75 бўлиб, якуний балл 4.5 деб берилади.
Билдирилишича, ушбу янгиланиш тил ўрганиш даражасини баҳолайдиган халқаро стандарт — CEFR (Common European Framework of Reference for Languages) билан тўғридан-тўғри боғланиш мақсадида амалга оширилган.
2026 йил 21 январдан 2028 йилгача бўлган муайян ўтиш даврида, имтиҳон натижаларида янги 1–6 шкала билан бирга эски 0–120 тизими бўйича ҳам балл кўрсатилади. Маълумот учун, TOEFL iBT жами уч соат давом этади. Бу вақт ичида тест топширувчи 4 та кўникма: Reading, Writing, Speaking ва Listening бўйича имтиҳон топширади.

Ҳар бир бўлим бўйича вақт чегараси қуйидагича:
- Speaking учун 17 дақиқа;
- Writing учун 50 дақиқа;
- Reading учун 54-72 дақиқа;
- Listening учун 41-57 дақиқа.
Эслатиб ўтамиз, TOEFL iBT академик лицейлар, олий таълим муассасаларига ўқишга киришда, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим тизимига хорижий тил бўйича ишга қабул қилишда ҳамда мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим тизимида фаолият юритаётган педагог ходимларга устама белгилашда инобатга олинади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг