Тиббиёт тизими учун янги давр бошланади
Инсониятни ташвишга солган пандемия барчамиздан ҳамжиҳатликни талаб этмоқда. Бу борада юртимизда мазкур хавфли инфекциянинг олдини олиш бўйича Президентимиз бошчилигида зарур чора-тадбирлар амалга ошириб келиняпти.
Аввало, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари, Хитой ва Жанубий Корея мутахасислари амалий тажрибаларига асосан аҳоли орасида шахсий ва жамоа гигиена талабларига қатъий риоя қилиш юзасидан кенг тушунтириш-тарғибот ишлари йўлга қўйилганлигини айтиш жоиз. Яна бир муҳим омил эса кейинги йилларда тиббиёт соҳасига, хусусан, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдамнинг барча йўналишларидаги камчилик ва муаммолар кўламига катта эътибор қаратиб, уларни ҳал этиш бўйича қатор фармон ва қарорлар чиқарилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Бугун шифокорларимиз учун нафақат иш жойида қулайликлар яратилди, балки уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида энг замонавий технологияга асосланган тиббий асбоб ва диагностика ускуналари ҳамда даволашда ишлатиладиган турли воситалар олиб келинди. Қолаверса, тизим ходимлари ривожланган мамлакатларга бориб, малака ошиб келмоқдалар. Шуларга мос равишда фармацевтика соҳасини ривожлантириш, энг самарали дори-дармон ва тиббий буюм воситалирини ишлаб чиқариш йўлга қуйилди.
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида 2019 — 2025 йилларга мўлжалланган концепция қабул қилинди.
Энди тасаввур қилиб кўринг, соҳага жиддий эътибор каратилмагинида биз ҳозирги синовли кунларда анчайин қийинчиликларга дуч келган бўлар эдик. Юртимизда биринчи бемор аниқланиши билан давлатимиз раҳбари томонидан мазкур касаллик тарқалишининг олдини олиш ва унинг ижтимоий ва иқтисодий салбий оқибатларини юмшатиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Қисқа вақт мобайнида Президентимиз халқимизга уч марта мурожаат қилиб, халқимизни ҳамжиҳатликка, саросимага тушмай, карантин талабига ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирдилар. Бугунги синовли кунларда бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, бундай оғир синовдан талофатсиз чиқишимизга барча имкониятларимиз етарли эканлигига ишонч билдирдилар.
Албатта, ушбу синовли кунлардан ёруғ юз билан ўтиб оламиз. Аммо келгусида шундай ҳолатлар юзага келмайди, деган кафолат йўқ. Шу боис ҳам давлатимиз раҳбари томонидан “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат тиббий-санитария ходимларини касбий ривожлантириш тизимини яхшилаш, соҳада етук ва чуқур билимга эга кадрларни замонавий таълим стандартлари асосида тайёрлаш, тиббиёт ташкилотлари, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини профессионал кадрлар билан таъминлаш ҳамда тиббиёт таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари мавқеини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Ҳудудларнинг шифокорларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда тиббиёт олий таълим муассасалари бакалавриатнинг қабул параметрлари туман (шаҳар)лар кесимида шакллантирилади. Бу эса тиббиёт кадрларига эҳтиёж юқори бўлган ҳудудларни шифокорлар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, мамлактимизда Россия ва Туркиянинг нуфузли хорижий тиббиёт таълим муассасалари филиалларини очиш режалаштирилмоқда.
Қарорда, шунингдек, тиббиёт соҳасидаги илмий изланишларга ҳам алоҳида эътибор берилган. Шундан келиб чиқиб, жорий йил сентябрдан Нукус, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Фарғона шаҳарларидаги тиббиёт олий таълим муассасаларида фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини берувчи илмий кенгашлар ташкил этилади. Тошкент врачлар малакасини ошириш институти эса Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказига айлантирилади. Тошкент шаҳридаги 1-Республика клиник шифохонаси негизида Марказнинг кўп тармоқли клиникаси очилади. Унинг Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сирдарё вилоятларида филиаллари бўлади.
Умуман, мазкур қарор мамлакатимиз тиббиёт тизимида янги босқични бошлаб бериши билан ҳам қимматлидир.
Зайниддин НИЗАМХОДЖАЕВ,
Олий Мажлис Сенати Раисининг ўринбосари.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг