Тезкор давлат хизматларидан аҳоли мамнун
Халқимизда “Вақтинг кетди, нақдинг кетди” деган ибратли мақол бор. Бугунги тезкор даврда бу ҳикматнинг қадри ҳар янада ортган. Замонавий ахборот коммуникация технологиялари имконияти гўёки вақтни тезлаштирди. Бундай пайтда ҳар сония ва дақиқадан унимли фойдаланиш талаб этилади.
Авваллари зарур бир ҳужжат — “бир парча қоғозни” қўлга киритиш учун кўп вақт сарфлаб, қайсидир амалдорнинг эшиги олдида мунғайиб, баъзан унга мулозамат кўрсатишга тўғри келарди. Бугунчи, вазият тамомила ўзгарди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 декабрдаги“Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги овворагарчилигу, бюрократик ва коррупцион механизмни бартараф этди.
Фармонга биноан Давлат хизматлари кўрсатиш агентлиги, жойларда айни фаолият билан шуғулланувчи марказлар фаолияти йўлга қўйилиб, 33 турдаги давлат хизматлари кўрсатила бошланган бўлса, бир йил ичида хизмат тури 100 тага етказилди. Бугунги кунга келиб эса фуқароларга 130 турдаги давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри, Узун, Қизириқ, Музработ, Олтинсой, Шеробод, Қумқўрғон ва Бойсун туман Давлат хизматлари марказларининг янги замонавий бинолари қурилиб фойдаланишга топширилди.
Ўтган йили Бойсундаги “Мачай”, Узун туманидаги “Боботоғ”, Денов туманидаги “Сина” ҳамда Сариосиё туманидаги “Сангардак” шохобчалари ташкил этилди. Ушбу шохобчалар орқали 1364 нафар жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатилди. Жойлардаги Давлат хизматлари марказларида фуқароларга қулай, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш учун барча имкониятлар яратилган.
Жорий йилнинг 31 январидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармонига мувофиқ тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигига ўтказилди. Фармонга кўра, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги маҳаллаларда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ДХМлар филиаллари босқичма-босқич ташкил этилади. Жисмоний ва юридик шахсларга кенг қамровли, шу жумладан мобиль (сайёр) давлат хизматлари кўрсатиш филиалларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари Ягона интерактив давлат хизматлари my.gov.uz портали орқали ҳам фуқаролар масофадан туриб давлат хизматлари марказларида кўрсатилаётган хизматларнинг деярли барчасидан фойдаланишлари мумкин.
- Амалдаги карантин шароитида автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишига чеклов ўрнатилгандан сўнг, вақтинчалик тартиб бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ва реализация қилувчи тадбиркорлар ва у ерда ишлайдиган ходимларнинг автотранспорт воситаларига рухсатнома берилишини эшитиб my.gov.uz порталида сўровнома тўлдириб, қўшимча маълумотларни илова қилдим. Энди унинг жавобини анча вақт кутсам керак, деб ўйлагандим. Эрталаб жўнатган бўлсам, тушдан сўнг менга рухсатнома берилиши ҳақида хабар жўнатишди, дейди,- якка тартибдаги тадбиркор Манзура Қўлдошева.
Сурхондарё вилоятида бугунги кунда эҳтиёж заруратидан келиб чиқиб, 975 та транспорт воситасининг ҳаракатланишига махсус рухсатнома берилган.
Бугунги кунда вилоятдаги барча давлат хизматлари марказлари кун-у тун дам олишсиз ишлаб фуқароларга хизмат кўрсатиш жорий этилган. Бу эса ҳам вақтини, ҳам нақтини ортиқча сарф этишларига чек қўймоқда.
Илҳом РАҲМАТОВ, “Халқ сўзи” мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг