Термизийлар диёри, алплар юрти – Сурхондарё!
Маълумки, ислом оламининг мўътабар ва улуғ алломаларидан бири бўлган Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий ҳазратлари Шарқ оламининг беназир мутафаккири сифатида эъзозланиб келинади. Бу зоти шарифнинг асарлари бугунги кунда ҳам мусулмон давлатлари дорилфунунларида дарслик сифатида қўлланилади.
Сурхондарё... Ана шундай Термизийлар диёри, алпомишлар юрти сифатида танилган. Кейинги йилларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари воҳани ҳар тарафлама юксалтириб, фаровон гўшага айлантирмоқда. Жумладан, қадимий ва мафтункор воҳанинг туристик салоҳиятини оширишга қаратилаётган эътибор вилоятни дунёга кенг тараннум этишга қулай муҳит яратмоқда. Уйғониш дамларида давлатимиз раҳбарининг Сурхондарёга ташрифлари воҳаликлар қалбини ишонч ва ғурурга тўлдиргани айни ҳақиқат.

Термизда япон боғи қурилади
– Мамлакатимиз раҳбари туризмни юксалтириш, миллий қадриятларни тиклаш, ривожлантириш, маданий меросни, айниқса, тарихий-меъморий обидаларни келгуси наслларга етказиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб бердилар, – дейди Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Жўрабек Тўраев. – Воҳада туризм орқали катта иқтисодий натижаларга эришиш мумкинлиги, ҳатто йиллик тушумни 1 миллиард долларгача етказиш имконияти борлигини алоҳида таъкидладилар. Япония туроператорлари билан ҳамкорликда янги маршрутлар ишлаб чиқиш, музей, ўзбек-япон ошхонаси ва Япон боғини барпо этиш каби лойиҳаларни амалга ошириш вазифалари белгилаб берилди. Япон боғини барпо этиш ташаббуси нафақат туризмни ривожлантириш, балки маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Ҳозирги кунда ушбу лойиҳа юзасидан амалий ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда, уни мазмунан бойитиш ва замонавий меъморий ечимлар асосида такомиллаштириш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Тошлар орасидаги қишлоқ – Сангардак
Аслида Сурхондарёнинг туристик жозибаси кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас. Унинг илдизлари минг йиллик тарихга бориб тақалади. Бугун шу бой мерос замонавий инфратузилма ва янги лойиҳалар билан уйғунлашиб, мутлақо янги қиёфа касб этмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг 2024 йил 16 декабрдаги “Сурхондарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида туризм инфратузилмасини яхшилаш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоятнинг Сариосиё, Бойсун ва Жарқўрғон туманларида йирик туристик ҳудудлар шакллантирилмоқда. Уларнинг умумий майдони 945,5 гектарни ташкил этиб, бу ҳудудларда 26 та меҳмонхона, 4 та оилавий меҳмон уйи, 2 та бунгало зонаси, замонавий автотураргоҳлар, пикник зоналари, кўприклар, савдо ва маданий ҳордиқ масканлари барпо этилиши режалаштирилган. Шунингдек, санаторий, ресторан, болалар боғчаси ва сувни тозалаш иншоотлари каби объектлар ҳам қурилади. Лойиҳаларга жами 1 триллион 604 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Ушбу ташаббуслар натижасида йилига 50,5 миллион долларлик иқтисодий самарага эришиш ва 753 нафар аҳолини доимий иш билан таъминлаш имкони яратилади.

Айниқса, Сангардак, Омонхона ва Обиҳаёт каби масканлар бугунги ўзгаришларнинг ёрқин намунасига айланмоқда. Масалан, тоғлар орасидаги қишлоқ – Сангардак ҳудудидаги лойиҳанинг ўзи 887,7 миллиард сўмга баҳоланиб, 400 дан ортиқ иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Омонхона туристик маркази 408,5 миллиард сўмлик 20 та лотдан иборат бўлиб, қарийб 200 кишининг бандлиги таъминланади. Обиҳаёт маркази эса 308,5 миллиард сўмлик лойиҳа сифатида 110 гектар майдонни қамраб олади.

Бу рақамлар ортида фақатгина иқтисодий кўрсаткичлар эмас, балки бутун бошли ҳудудларнинг янги қиёфаси мужассам. Ушбу туристик зоналарда 33,5 километр йўл тармоқлари янгиланиши, 42 километр сув тармоғи қурилиши, 17,5 километр электр тармоқлари модернизация қилиниши ва 27 километр алоқа линиялари барпо этилиши кўзда тутилган. Бу эса сайёҳлар учун қулайликлар яратиш билан бирга, маҳаллий аҳоли ҳаёт сифатини ҳам оширади.

Тоғли ҳудудларда қурилаётган осма дор йўллари эса воҳанинг туристик жозибасини янада оширувчи муҳим лойиҳалардан. Омонхонадаги икки йўналиш 4,21 ва 3,85 километр масофани қамраб олса, Сангардакда 1,8 километрли дор йўли барпо этилмоқда. Бу каби иншоотлар сайёҳларга нафақат қулайлик, балки унутилмас таассуротлар тақдим этади.

Туз билан даволаш маскани
Жарқўрғон туманидаги Оқтепа сув омбори негизида шаклланаётган Обиҳаёт туристик маркази воҳада сув туризмини ривожлантиришда янги босқични бошлаб бермоқда. Табиий манзаралар, ёввойи табиат, қушлар ва балиқларга бой ҳудудда замонавий пляжлар, кузатув майдончалари ва маданий ҳордиқ зоналари ташкил этилмоқда. Лойиҳада “яшил энергия”дан фойдаланиш назарда тутилгани эса унинг замонавий ёндашувлар асосида амалга оширилаётганини кўрсатади.

Сурхондарё туризми бугун фақатгина мавжуд имкониятлар билан чекланиб қолмаяпти. У янги ғоялар, халқаро ҳамкорлик ва инновацион ечимлар билан бойиб бормоқда. Япон боғи каби лойиҳалар, янги туристик маршрутлар ва маданий ташаббуслар воҳанинг жаҳон сайёҳлик бозоридаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шеробод туманидаги Хўжаикон туз кони ҳудудида Эроннинг “Kapa yurt salt taun” компанияси Германиянинг “Bizayla” компанияси билан ҳамкорликда қиймати 50 миллион долларлик “Саломатлик туризми” шаҳарчаси барпо этилаётган қувонарли ҳол. 1200 метр баландликдаги шифобахш туз ғори негизида эса тиббий, эко ва зиёрат туризмини уйғунлаштирган янги маскан яратилиб, йилига 200 минггача сайёҳни жалб этиш ҳамда 250 дан ортиқ иш ўрни яратиш имконини бериши воҳанинг очилмаган салоҳиятини яна бир бор намоён этмоқда.
Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг