Термиз иқтисодиёт ва сервис университетида Cambridge университети билан халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилди

11:50 11 Февраль 2026 Жамият
321 0

Термиз иқтисодиёт ва сервис университети Буюк Британиянинг нуфузли Cambridge университети билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб, замонавий таълим методологиясини жорий этмоқда.

Мазкур ташаббус талабаларга халқаро стандартлар асосида таълим олиш, хорижий тилларни чуқур ва мукаммал ўзлаштириш ҳамда глобал академик маконда рақобатбардош мутахассис сифатида шаклланиш имконини яратади.

Айни кунларда Cambridge университетининг инглиз тилини ўқитиш бўйича экспертлари Райан Карен ва Бенжамин Филип университетда бўлиб, таълим жараёнлари, замонавий ўқитиш усуллари ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини ўрганмоқда. Шу билан бирга, талабаларнинг тил компетенциялари комплекс таҳлил қилинмоқда. Бу жараён таълим сифатини ошириш билан бир қаторда, талабаларнинг халқаро меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

— Ҳамкорлик доирасида университетда инглиз тилини ўқитиш жараёни Cambridge методологияси асосида босқичма-босқич такомиллаштирилади, — дейди халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Шавкат Отамуродов. — Шунингдек, TISU ҳузурида Cambridge International School мактабини ташкил этиш режалаштирилган. Мазкур ташаббус ёшлар учун сифатли таълим имкониятларини кенгайтириб, уларнинг келгусида касбий фаолиятда юқори натижаларга эришишига замин яратади.

Ушбу ҳамкорлик университетнинг халқаро интеграция жараёнларини кучайтириш, таълим стандартларини жаҳон талаблари даражасига олиб чиқиш ва замонавий билим муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер