Темурийлар даврига оид жанговар ноғора бошқарув тизимининг муҳим воситаларидан бири ҳисобланган
Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек музей-мажмуасида экспозицияга қўйилган темурийлар даврига оид ашёлар ноёб экспонатлардан саналади. Жумладан, мазкур музейда ХV асрга тегишли, баландлиги 24 сантиметр бўлган жанговар ноғора ҳамда Мирзо Улуғбекнинг юлдузлар каталоги сақланмоқда.
Марказий Осиё халқлари тарихида ҳарбий мусиқа муҳим ўрин эгаллаган. Ана шундай асбоблардан бири тулунбас деб аталувчи жанговар ноғорадир. Тулунбас нафақат мусиқа асбоби, балки давлат ҳокимияти ва ҳарбий қудрат рамзи сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этган.
— Самарқандда тайёрланган ХV асрга тегишли тулунбас Марказий Осиё ҳунармандчилигининг юксак даражасини намоён этувчи нодир намуна ҳисобланади, — дейди «Самарқанд» давлат музей-қўриқхонаси тарих бўлими мудири Тўлқин Бўриев, — Самарқанд темурийлар даврида йирик сиёсий, иқтисодий ва маданий марказлардан бири бўлган. Бу ерда металлга ишлов бериш, заргарлик, наққошлик ва кандакорлик санъати юқори даражада ривожланган. Ҳозирги кунда Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси экспозициясида намойиш этиб келинаётган тулунбас бронзадан тайёрланган бўлиб, унинг шакли пиёзсимон кўринишга эга. Бундай шакл ноғоранинг акустик хусусиятларини кучайтиришга хизмат қилган. Ашёнинг ташқи қисми кандакорлик усулида ишланган бой геометрик орнаментлар билан безатилган. Нақшлар ичида арчага ўхшаш безаклар учрайди. Бундай ноғоралардан асосан ҳарбий юришлар, сарой маросимлари ва тантанали йиғилишларда ва ов жараёнларида фойдаланилган. Тулунбаснинг асосий вазифаси қўшинларга сигнал бериш ҳамда аскарларнинг руҳий ҳолатини кўтаришдан иборат бўлган. Катта ҳажмдаги металл ноғоранинг овози жуда кучли ва паст тембрли бўлиб, узоқ масофагача эшитилган. Шу сабабли Амир Темур ва унинг авлодлари даврида ҳам ҳарбий ноғора бошқарув тизимининг муҳим воситаларидан бири ҳисобланган.
Дарҳақиқат, Марказий Осиёда ҳарбий мусиқа анъанаси айнан темурийлар даврида юқори даражада ривожланган. Қўшинларда карнай-сурнай, катта ва кичик ноғоралардан иборат мусиқа асбоблари бўлган. Бу асбоблар жанг пайтида қўшинларнинг ҳаракатини мувофиқлаштириш ва аскарларни руҳлантириш вазифасини бажарган.
Экспозицияга қўйилган жанговар ноғорада реставрация ишлари амалга оширилган. Орнаментларни аниқлаш учун реставрацион тозалаш ишлари ўтказилган ва ноғора устига тери мембрана қайта ўрнатилган. Шу билан бирга, ноғора танасида айрим йўқолишлар ва металлнинг қорайиши каби вақт таъсири излари ҳам сақланиб қолган.
Шунингдек, музейда сақланаётган Абдуллоҳ Таббадал-Ҳиравийнинг Самарқанд қоғозида ёзилган ҳадислар тўплами китоби мадраса талабалари учун махсус тайёрланган. Мовароуннаҳрда Амир Темур ва Улуғбек даврида ерларни инъом қилиш тизими йўлга қўйилиб, ер солиғи камайтирилади. Буни ҳозиргача сақланиб келинаётган қўлёзма ҳамда вақф ҳужжатларида ҳам кўриш мумкин.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг