Театрлар қишки таътил вақтида қандай спектаклларни намойиш этмоқчи?
Янги йил яқин. Ҳадемай ўқувчиларнинг қишки таътили бошланади. Кимдир ота-онаси билан бирга меҳмондорчиликка бормоқчи, яна кимдир вақтини дўстлари даврасида ўтказиш ниятида. Бошқа биров шаҳар марказида безатилган Янги йил арчасини кўришга, қорбобо ва қорқизнинг совғаларидан баҳраманд бўлишга отланади.
Шу кунларда юртимиз театрларида намойиш этилаётган спектакллар ҳам йигит-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Чунончи, Ўзбек Миллий академик драма театрида ёш томошабинлар эътиборига ҳавола этилаётган “12 ой” номли спектакль кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда.
— Мазкур репертуаримиз орқали, аввало, вақтни мақсадли сарфлаш, дўстликни улуғлаш ҳамда эзгуликнинг ҳамиша ёвузлик устидан ғалаба қозонишини оддий ва ҳаётий мисоллар ёрдамида ифодалашга ҳаракат қилдик, — дейди спектакль режиссёри Нодира Маҳмудова. — Самуил Маршакнинг эртак-драмаси асосида тайёрланган бу саҳна асари нафақат мазмуни, балки актёрларнинг маҳоратли ижроси, саҳна безаклари ва либослардаги кўркамлик билан ҳам томошабинларга байрамона кайфият улашади.
Маданият вазирлиги маълумотларига кўра, бундай спектакллар мамлакатимизнинг барча ҳудудидаги театрларда намойиш қилинмоқда. Хусусан, Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида “Сеҳрли ўрмондаги Янги йил”, Андижон вилоятидаги ёшлар театрида “Саҳродаги қор”, Қашқадарё вилоятидаги мусиқали драма театрида “Қўнғироқли алдоқчи”, Жиззах вилояти қўғирчоқ театрида “Асл қорбобо ёки йўқотилган вақт”, Бухоро вилояти мусиқали драма театрида “Қорқизнинг ўғирланиши”, Самарқанд вилояти қўғирчоқ театрида “Қорбобо Марсга боради”, Фарғона вилояти рус драма театрида “Новогоднее представление” номли асарлар ёш томошабинларга тақдим этиляпти.
Бундай спектакллар 10 январга қадар ўтказилади.
Муҳаммаджон АҲМАДЖОНОВ.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг