Ташаббусларимиз БМТ томонидан қўллаб-қувватланмоқда

14:30 02 Март 2022 Сиёсат
3338 0

Фото: Иллюстратив фото

2 март – Ўзбекистон БМТга аъзо бўлган кун

1992 йил 2 март куни Ўзбекистон Республикаси БМТга янги суверен, жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида кирди. Ўзбекистонни ташкилотга қабул қилиш тўғрисидаги қарор БМТ Бош Ассамблеясининг 46-сессиясида овозга қўйилмаган ҳолда қабул қилинди. АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги БМТ штаб-квартираси олдида мустақил Ўзбекистон байроғи кўтарилган ушбу кун давлатимиз тарихида катта аҳамиятга эга бўлган босқич бўлди. БМТ ер юзида тинчликни ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ва миллатларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида 1945 йил 24 октябрда фашизм устидан ғалаба қозонган мустақил давлатларнинг ихтиёрий бирлашиш асосида тузилган энг йирик халқаро ташкилот.

Бугунги кунда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дунёдаги ягона, том маънода универсал халқаро ташкилот ҳисобланади. БМТ давлатларнинг ўз сарҳадларидан ташқарига чиқадиган масалаларни ҳал этиб келмоқдаки, бу муаммоларга бирорта мамлакатнинг ёлғиз ўзи ечим топиши мумкин эмас. Бундан 30 йил олдин янги демократик давлат – Ўзбекистон Республикаси Ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. Шундан буён биз ўз масалаларимизни ҳал этишда ҳар доим БМТнинг кўмагига таяниб келмоқдамиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72 ва 75 ва 76сессияларда тарихий нутқ сўзлади. Уларда бир қатор масалалар, жумладан, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва Бош Ассамблеянинг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Орол денгизи қуриши муаммоси, қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари, Афғонистонда тинчликка эришишнинг маърифий йўллари масалаларига алоҳида тўхталди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясидаги чиқиши, юксак минбарда туриб она тилимизда маъруза қилиши барчамизнинг қалбимизни ғурурга тўлдирди. Маърузани ОАВ, ижтимоий тармоқлар орқали миллиардлаб инсонлар томоша қилди, тинглади. Бу тарихий воқеа она тилимизга бўлган чексиз ҳурмат, миллийлигимизни, ўзлигимизни қадрлашга бўлган юксак эҳтиром белгисидир. Бунақаси ҳали на эски ва на янги тарихимизда кузатилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти минтақада ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш масалалари каби замонавий хатар ва таҳдидларга қарши қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. БМТнинг ҳам Ўзбекистонга қизиқиши юқори. БМТ Бош котиблари: 2002 йил октябрь ойида Кофи Аннан, 2010 йил апрель ойида ҳамда 2015 йилда Пан Ги Мун, шунингдек, 2017 йил июнда Антониу Гутерриш Ўзбекистонга ташриф буюрди. Гап шундаки, Ўзбекистон ҳар доим тинчлик-осойишталик, миллатлар ва динлараро тотувликни таъминлабгина қолмай, бошқа давлатларни ҳам шунга ундайди. Ҳар доим хавф-хатарларни аввалдан сезиб, уларнинг олдини олиш йўлларини кўрсатиб, тинчлик ва барқарорлик учун жон куйдиради. Минтақавий ва халқаро масалаларда БМТ ҳужжатларидаги ҳуқуқий меъёрларга риоя қилиш, турли зиддиятларни фақат тинч, сиёсий йўл билан ҳал этиш зарурлигини таъкидлайди. Бу – дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида тузилган БМТнинг асосий фаолиятига ўзига хос таянч ва қувват бўлмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўзбекистон билан муносабатларга алоҳида эътибор қаратиши бежиз эмас. Чунки Ўзбекистон ҳар қандай вазиятда ҳам тинчлик, барча муаммоларни тинч ва сиёсий музокаралар йўли билан ҳал этиш тарафдори, ҳамкорлик ташаббускоридир. Бундай эзгу сиёсат изчил давом эттирилмоқда, умумий тараққиётга хизмат қилмоқда.

Маълумки, 2015 йили БМТга аъзо-давлатлар 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш кун тартибини қабул қилганди. Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича Миллий индикаторлар муваффақият билан амалда татбиқ этилмоқда. Мамлакатимиз Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича ўзининг биринчи Ихтиёрий миллий шарҳини кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиб, БМТнинг Иқтисодий ва Ижтимоий кенгашига тақдим этди.

Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришгандан сўнг қўшилган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжат бўлди ва у туфайли Ўзбекистон БМТнинг тегишли конвенциявий органларига ўзининг даврий миллий маърузаларини мунтазам равишда тақдим этиш орқали инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни изчиллик билан ва қатъий равишда бажариб келмоқда. Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилишни таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини топган.Дарвоқе, 2020 йилнинг 13 октябрида Ўзбекистон 47 давлат аъзолигидан иборат Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзолигига қабул қилингани юртимизга бўлган ишонч юқорилигини исботлади. Кенгаш котибиятига кўра, ҳар бир аъзо ўз мажбуриятларини ёдда тутиши, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари билан боғлиқ мезонларга амал қилишда намуна бўлиши лозим. Республикамиз бундай синовларга тайёр. Ўзбекистоннинг мана шундай юқори органга интилганининг асосий сабаби давлат бу аъзолик юклайдиган мажбуриятларни бажаришга ҳамда инсон ҳуқуқларини глобал миқёсда ҳимоя қилишга бел боғлаганидан далолатдир. Зеро, Ўзбекистон ҳуқуқ ташкилотларининг тавсия ва хавотирларига бефарқ эмас. Ҳукумат Ўзбекистонда ҳам, жаҳон бўйлаб ҳам ҳуқуқ ва қонун устуворлиги билан боғлиқ вазият яхшиланишини хоҳлайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаганида, мамлакатда ислоҳотлар давом этади, адолат ва тараққиёт томон қадам ташлашдан тўхтамайди ва ортга қайтмайди, дея бежиз таъкидламади. Энг аввало, халқаро саҳнадаги фаоллик Ўзбекистонда шу кунгача ҳуқуқ ва қонун устуворлиги борасида эришилган ютуқлар асраб-авайлаш учун имкон беради. Боз устига, давлат идораларида масъулиятни ошириш, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, мажбурий меҳнатга қарши кураш, афв этиш ва оқлов, адлия ислоҳоти, суд мустақиллиги, уруш майдонларидан ватандошларни олиб келиш, қийноқларга баҳрам бериш, жазони ўташ муассасаларини мониторинг қилиш, жинсий тенглик ва бошқа жабҳаларда ҳам ижобий ўзгаришларни амалга оширишни давом эттириш гарови ҳамдир. Ўзбекистонда халқаро мажбуриятларни бажариш учун ирода етарли. Олий Мажлисда бунинг учун махсус комиссия тузилган. Қонунчилар ва бутун тизим кейинги қадамлар ҳақида жиддий бош қотиряпти.

Айтиш жоиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташкилот тизимидаги ихтисослашган ташкилотлар фаолиятлари ва дастурларини бирлаштириб, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан биргаликда белгиланган асосий йўналишларга қаратади. Ваколатхона таркиби БМТнинг: тараққиёт дастури (ПРООН), ахборот ва жиноятчилик билан алоқалар бўлими, гиёҳвандликка қарши кураш дастури, қочоқлар ишлари бўйича олий комиссар бошқармасининг ваколатхонаси, болалар жамғармаси (ЮНИСEФ), саноатни ривожлантириш ташкилотининг ваколатхонаси (ЮНИДО), жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, аҳоли жамғармаси ва бошқа кўпгина дастурлардан иборат. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудларида ишлаётган БМТ билан ҳамкорлик дастурлари мамлакатни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиши шубҳасиз. Ривожланишга кўмаклашиш бўйича БМТ бирлашган дастури умумий стратегияси доирасида фаровонлик, ижтимоий хизматларни такомиллаштириши, барқарор экологик ривожланишни таъминлаш ва самарали давлат бошқарувини амалга ошириш борасидаги чора-тадбирларни қўллаб қувватламоқда. БМТнинг ихтисослашган ташкилотлари қаторида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ЮНEСКО – маориф фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ташкилоти – халқаро ҳукуматлараро ташкилотига ҳам Ўзбекистон Республикаси 1993 йил 26 октябрда аъзо бўлган. ЮНEСКО доирасида Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино таваллудининг 1000 йиллик, Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллик, Амир Темурнинг 660 йиллик тантаналари нишонланди. ЮНEСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида Амир Темур ҳафталиги ўтказилиб, «Темурийлар даврида фан, маданият ва маорифнинг гуллаб яшнаши» мавзусида илмий конференция ва кўргазмаси ташкил этилди. Тошкент шаҳрининг 2000 йиллиги, Хива (1997 йил), Бухоро (1997 йил), Термиз (2002 йил) шаҳарларининг 2500 йиллиги, Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллиги (2002 йил), Аҳмад Ал-Фарғонийнинг 1200 йиллиги, Имом Бухорийнинг 1225 йиллиги (1998 йил), «Алпомиш» халқ достони яратилганлигининг 1000 йиллиги (1999 йил), Авесто китоби яратилганлигининг 2700 йиллиги (2001 йил) нишонланди. ЮНEСКО билан бирга қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали, Бойсун туманида фольклор фестивали ўтказилиб келинмоқда.

БМТ ўз тараққиёт дастурини амалга оширишда дунёнинг турли чеккаларида ва ер юзининг барча минтақаларида ўзининг кўплаб ихтисослашган ташкилотлари ва муассасалари орқали ҳам тинчликни сақлашда, инсонлар ҳаётидаги муаммоларни бартараф этишда салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Тўғри, айрим давлатлар БМТга самарасиз, қоғозбоз ва пуч ваъдалар берадиган давлатлар жамланмаси сифатида танқид қилди, яна бошқалар уни ислоҳ қилишга даъват этмоқда. Шубҳасиз, БМТга нисбатан ишонч ўтган ўн йилликда янада тушиб кетди. Ташкилот Бош котиби Антонио Гутерриш ҳам Хавфсизлик кенгашида сўзлар экан, БМТ хартияси ва асосий мақсадлари четда қолиб кетаётганини таъкидлаган эди. БМТ борасида жаҳон бўйлаб умидсизлик билан тилга олинадиган фикрлардан бири шуки, унинг йиғинлари инсонлар ҳаётига бирор ижобий ўзгариш олиб келмайди. Аммо 1945 йилда, Иккинчи жаҳон урушидан вайрон бўлган дунёни тиклаш, унинг тинчлигини сақлаш, инсон эркин ва фаровон яшашини таъминлаш ва адолатни тарғиб қилиш сингари вазифаларни ўз зиммасига олган, 193 давлат аъзо ташкилот у қадар ёмон ишлаётгани йўқ. БМТ дунё бўйлаб аъзо мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш вазирликлари билан яқиндан ишлаб, тиббий хизмат ва саломатликни таъминлаш учун жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Бугун дунёда болалар ўлими, оналар ўлими камайган. Бу борада улкан ютуқларга эришилди. Миллионлаб инсонларнинг ҳаёти асраб қолинди. БМТ ва унинг органларисиз буни ҳеч бир давлат эплай олмаган бўларди. Касалликлар, эпидемиялар чегара танламайди. Шундай пайтда БМТ иш берди. Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бобида ҳам шундай. Экология ҳимоясида ҳам шу. БМТ етакчилик қилиб, давлатларни сиёсатни инсон манфаатларига мослаб белгилашга ундаб келаётгани ҳаммамиз учун ижобий самара. БМТ инсониятни барча балолардан қутқара олмас, лекин унинг ҳаёти яхшиланиши, инсон қадри, яшаш учун имкониятлари кенгайиши учун хизмат қилади. Тинчлик, адолат, фаровонлик сари қадам ташлаши учун хизматда. БМТнинг гиёҳвандлик моддаларига қарши курашиш дастури, қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссар вакиллари, Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро валюта фонди, Халқаро тараққиёт уюшмаси, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро Қишлоқ Хўжалигини ривожлантириш фонди, БМТ нинг маориф, фан ва маданият масалалари бўйича ЮНEСКО ташкилоти, Саноатни ривожлантириш бўйича ЮНИДО ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотлари каби Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кўплаб ихтисослашган муассасаси ва ташкилотлари дунёнинг деярли барча давлатларида турли соҳаларда ислоҳотлар стратегияси ва келаётган ёрдамни мувофиқлаштириш, ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар, маданий – маънавий қайта уйғониш, хусусийлаштириш ва хусусий секторни ривожлантириш, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, бошқарув тизимини ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўллари билан ҳам дунёда тинчликни таъминлашда ўзининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Зеро Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставининг XIX та бобларидаги 111 та моддаларининг барчалари ҳам ер юзида халқлараро тинчлик ва хавфсизликни барпо этиш билан йўғрилган.

Абдували Сойибназаров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер