Ташаббус — маҳалладошлардан чиқди
Фото: “Халқ сўзи”
Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳридаги “Гулистон” МФЙ биноси таъмирталаб аҳволда бўлиб, ушбу муаммо йиллар мобайнида маҳалла фаолларини қийнаб келар эди. Бу йил гулистонликлар ташаббуси билан мазкур муаммога барҳам берилди.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида кенг кўламли қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиб, кўркам кўринишга эга бўлган “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини биноси тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
— Эзгу ташаббусни амалга ошириш учун “Ташаббусли бюджет” жараёнининг жорий йилги биринчи мавсуми доирасида қарийб 800 миллион сўм маблағ жалб этилиб, маҳалла биноси замонавий кўринишга келтирилди, — дейди Қувасой шаҳар ҳокими ўринбосари Алишер Мамажонов. — Тадбирда Қувасой шаҳар секторлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этиб, ўтган қисқа фурсатда маҳалла инфратузилмасини яхшилаш борасида амалга оширилган ишларни алоҳида мамнуният билан эътироф этишди.
Айтиш жоиз, бинода МФЙ раиси, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси, профилактика инспектори, ёшлар етакчиси, солиқчи ва ижтимоий хизмат ходими фаолият юритиши учун барча қулайликлар яратилган.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг