Ташаббус-2018: Илғор тажрибалар майдони

09:42 15 Ноябрь 2018 Жамият
2911 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Ташаббус — 2018” республика кўрик-танловининг якуний босқичи бошланди.

Аввало, шуни айтиш жоизки, мазкур нуфузли танлов бу йил янгича форматда ташкил этилгани билан кўпчиликка манзур бўлмоқда.

Гап шундаки, илгари ғолиб ва совриндорлар номи учта асосий йўналиш бўйича аниқланган бўлса, эндиликда номинациялар яна иккитага кўпайди. Табиийки, бу каби янгиликлар унга бўлган қизиқишни янада кучайтирди, иштирокчилар сони кескин ортди.

Фото: Ҳаким Йўлдошев / “Халқ сўзи”

Дарҳақиқат, кўрик-танловнинг мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида ташкил этилган қуйи босқичларида 6 мингдан ортиқ тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар қамраб олинди. Улар орасида ёшларнинг кўплиги, айниқса, қувонарлидир. Бинобарин, “Ташаббус”дан кўзланган асосий мақсад ҳам юртдошларимизнинг тадбиркорлик истеъдодини юзага чиқариш, ёшлар ва хотин-қизларни бизнесга кенгроқ жалб этиш, энг асосийси, изланувчан ишбилармонлар орасидан энг илғорларини рағбатлантиришга қаратилгандир. Шу маънода, кўрик-танловнинг ҳар бир босқичи ўзига хос иқтисодий форум мақомига эга бўлди. Мисол учун, салкам бир ой давом этган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичида 915 нафар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти, фермер ва ҳунарманд иштирок этди. Улар орасидан эса энг илғор, энг ташаббускор ва энг иқтидорли деб топилган 69 нафар номзод танловнинг якуний босқичига йўлланмани қўлга киритдилар.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

“Ташаббус — 2018” республика кўрик-танловининг якуний босқичи қатнашчиларининг маҳсулотлари намойиши чинакам кўргазма-савдо тусини олди.

“Namangan momiq sochiqlari” масъулияти чекланган жамияти маҳсулотларини нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам яхши билишади. Сабаби, бу ерда тайёрланаётган момиқ сочиқлар, катталар ва болалар халатлари, трикотаж мато ва бошқа тайёр маҳсулотларнинг 70 фоизи экспорт қилинади. Биргина 2018 йилнинг ўтган даврида 6,9 миллион АҚШ долларилик товарлар чет эллик буюртмачиларга етказиб берилди.

Корхона раҳбари Ғиёсиддин Бобохоновнинг айтишича, айни пайтда шу йил охирига қадар фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган яна бир йирик қувват устида ишламоқда. Қиймати 200 миллиард сўмликдан зиёд бўлган мазкур лойиҳа доирасида қарийб 1000 та иш ўрни очилиб, экспорт салоҳияти 15 миллион АҚШ долларига ортиши кутилмоқда.

Экспортчилар сафидан мустаҳкам жой эгаллаётган “Nil-Granit”, “Bukhara Brilliant Silk”, “Toshrabot Textile”, “Surxon KSP-Grand” ва бошқа тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳам шундай янгиликлар кўплигига гувоҳ бўлиш мумкин.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Республикамиз аграр соҳасининг етакчи кучига айланган фермер хўжаликлари фаолиятига инновацион ишланмалар, илм-фан ютуқлари изчил қўлланилаётгани муваффақиятлар эшигини кенг очмоқда. Айтайлик, танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритган қишлоқ мулкдорларининг деярли барчаси кўп тармоқли бўлиб, ички бозорни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришга муносиб ҳисса қўшаётир.

— Деҳқончиликдан ташқари, балиқчилик, чорвачилик, йилқичилик, паррандачилик тармоқларини йўлга қўйганмиз, — дейди Қизилтепа туманидаги “Наргиз-Диёр” фермер хўжалиги раҳбари Дилшод Раҳмонов. — Бундан ташқари, гўшт ва сутни қайта ишлаш, умумий овқатланиш, экотуризм хизматларини йўлга қўйганмиз, шунингдек, 5 гектар майдонда иссиқхонамиз бор. Тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, фермер хўжаликларини кўп тармоқлига айлантиришга эътибор кучайтирилгани бежиз эмас экан. Чунки у қишлоқ мулкдорини мавжуд имкониятдан оқилона фойдаланиш, қўшимча даромад манбаини излаб топиш, янги иш ўринлари яратишга ундайди. Шунинг учун биз келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириш, хусусан, кластер усулида балиқчиликни ривожлантириш ниятидамиз.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

“Ташаббус — 2018” танловига “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналиши киритилгани мазкур соҳа фидойилари хизматини эътироф этиш, уларнинг илғор тажрибасини оммалаштириш, янги тадбиркорларни кашф этиш имконини бермоқда. Хусусан, сирдарёлик Барчиной Усмонова журналистларни учун зўрға вақт ажратди. Сабаби, унинг нодавлат мактабга таълим муассасаси фаолияти республикамизнинг бошқа ҳудудларидан келган тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Аслида, унинг хорижий тилларга ихтисослаштирилган “Севинч” болалар боғчасини ташкил этганига ҳали кўп бўлгани йўқ. У шу йилнинг апрель ойида жажжиларга бағирини очган. Шундай бўлса-да, инглиз, корейс, рус ва хитой тилларидан таълим-тарбия бериладиган муассаса тезда тилга тушди. Айни пайтда боғча тўлиқ қувват билан ишламоқда. 150 нафар болажон асосий машғулотлардан ташқари, 12 та тўгаракка жалб этилган.

— Хизматимизга бўлган талабнинг ортиши, ота-оналарнинг эътирофи бизни янги лойиҳалар устида ишлашга руҳлантиряпти, — дейди Барчиной Усмонова. — Айни пайтда фаолиятимизни кенгайтириш, бошланғич синфни ташкил этиш ҳаракатидамиз.

Ҳунармандлар маҳсулотлари намойиш этилаётган бўлим ҳам одамлар билан гавжум. Чунки кўргазма санъат асари даражасига кўтарилган маҳсулотлар билан яқиндан танишиш, моҳир усталар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш учун қулай фурсатдир.

Ўзбекистон РеспубликасиСавдо-саноат палатаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ҳунарманд” уюшмаси, Ёшлар иттифоқи томонидан тегишли вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда ўтказилаётган “Ташаббус — 2018” республика кўрик-танлови иштирокчилари орасидан ғолиблар бешта асосий — “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори”, “Йилнинг энг яхши фермери”, “Йилнинг энг яхши ҳунарманди”, “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналишлари бўйича аниқланади. Шунингдек, ўнга яқин қўшимча номинациялар бўйича совриндорлар рағбатлантирилиши диққатга сазовордир.

Танлов ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими 17 ноябрь куни бўлиб ўтади.

Саид РАҲМОНОВ, “Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер