Тарозибонлик учун — 80.000 АҚШ доллари
Охирги пайтларда фирибгарлик тўғрисида кўп гапириляпти, бошқалар тегишли хулоса чиқаришлари учун бу ҳақида кўрсатувлар, лавҳалар намойиш этиляпти. Минг афсуски, айрим адашган инсонлар қилаётган ишлари хато эканлигини билсалар-да бу йўлдан қайтмаяптилар. Бировни ишончига кириб, турли найранглар билан ўзгаларнинг пулини олишга уринишмоқда.
Қарши шаҳрида яшовчи 1977 йилда туғилган шахс, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали маҳаллий фуқарони «Қарши иккиламчи қора металл» МЧЖга ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 80.000 АҚШ доллари талаб қилади.
Ҳақли савол туғилади. Шунча маблағ талаб қилинаётган қандай лавозим бўлди у. Буни қарангки оддий тарозибонлик учун 80.000 АҚШ доллари. Келинг шу ўринда бир мулоҳаза юритайлик, катта маблағ эвазига ишга жойлашган одам уни ортиғи билан чиқариб олиш учун қинғир йўлга кирмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Қарабсизки жиноят изидан жиноят.
ДХХ Қашқадарё вилояти ҳамда Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида мазкур фирибгар сўралган 80.000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда қўзғатилган Жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг