Тарбияда танаффус бўлмайди

16:23 25 Январь 2021 Жамият
2664 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселекторда фарзандларимизга миллий қадриятларимиз руҳида таълим-тарбия бериш, маънавиятли, маърифатли қилиб ўстириш, уларни турли ёт ғоялар таҳдидидан ҳимоя қилиш, келажакка интилиб яшашга ўргатиш ва бунда ота-оналар масъулиятини ошириш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Йиғилишда «Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир», – деди давлатимиз раҳбари. Шу маънода, тана ҳеч қачон жон ва руҳсиз бир бутун бўлолмаганидек, маънавиятсиз, таълим-тарбиясиз ҳам иқтисодий ривожланишга эришиб бўлмайди. Мустақил теран фикрга эга, ўтмишга юксак эътиқоди бор миллатгина эзгулик, тараққиёт йўлида ғоялари муштарак ҳолда ривожлана олади. Маънавий бирлашуви билан юксалган халқни эса ҳеч қандай ёт ғоя ўз домига торта олмайди, йўлидан оғдиролмайди.

Мамлакатимизда халқ фаровонлигини ошириш, иқтисодиётини ривожлантириш, янги Ўзбекистонни янгича тамойиллар билан барпо этиш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Лекин “...янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси, бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси, аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият», – дейди Президентимиз.

Ҳақиқатан ҳам, ўтмишни билмасдан, ўзликни англамасдан ва уни ҳурмат қилмасдан туриб келажакка интилиб бўлмайди. Бунинг учун энг аввало оилавий қарашларни ўзгартиришимиз лозим. Бугун минг афсуски, айрим ота-оналар «менинг болам ғарбча тарбия олган, ғарбча фикрлайди» деб керилиб қўйишади. Аслида биз ғарбча фикрлайдиган эмас, миллий қадриятларимизга мос келадиган ривожланган мамлакатлар тажрибаси, тараққиётини ҳаётга татбиқ эта оладиган, миллий манфаатларни устун қўядиган, дунёвий билимларга эга фарзандларимиз билан фахрланишимиз керак.

Тарбияда танаффус бўлмаслиги керак. Оила, боғча, мактаб, олий таълимда бу жараён бир-бирини тўлдирган ҳолда, уйғунликда давом этиши лозим. Ана ўшанда кучли маънавиятга эга, дунёқараши кенг, билимли авлодни тарбиялай оламиз. Албатта, фарзандлар тарбиясида жамият, маҳалла ёки мактаб эмас, энг аввало ота-она масъул. Яъни, ҳар бир ота-она ўз фарзанди учун жавобгар бўлиши, масъулиятни ҳис қилиши мақсадга мувофиқ.

Нима бўлганда ҳам тарбия жамият, миллат кўзгуси. Бу кўзгунинг дарз кетишига йўл қўймаслигимиз, бунинг учун биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур. Шундагина бу борада бошлаган барча ишларимиз амалий натижа бериб, мақсадга эришамиз,

Умида РАҲМОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер