Танзила Нарбаева Навоий вилоятининг қатор ҳудудларида амалий ташриф билан бўлди
Фото: «Халқ сўзи»
Жорий йилнинг 11-12 апрель кунлари Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Навоий вилоятининг Қизилтепа, Навбаҳор туманлари ва Навоий шаҳрида бўлиб, аҳоли билан мулоқот қилди.
Дастлаб Сенат Раиси Қизилтепа туманининг тиббиёт бирлашмасига ташриф буюриб, у ерда тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашди, муассасадаги шарт-шароитлар, ташкилий масалалар, онкоскрининг фаолияти, онкологик беморларни даволаш, дори-дармонлар таъминоти, ижтимоий ҳаёт, беморларни соғломлаштириш, оналик ва болалик масалалари, шифокорларни чет давлатларда малакасини оширишда яратилган имкониятлар, юқори технологик жарроҳлик амалиётларини туманда ташкил этиш, бирламчи тизимда соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, жисмоний фаолликни ошириш борасидаги ишлар билан танишди. Муассасада кечган мулоқот давомида тиббиёт соҳасига кўрсатилаётган эътибор ва соҳада эришилган ютуқлар ҳақида сўз борди.
Шунингдек, давлат тиббиёт соҳасини ривожлантириш чораларини кўриш борасидаги нормалар Конституция даражасида мустаҳкамланаётгани, бундан ташқари, Сенат ялпи мажлисида маъқулланган қонунга кўра, тиббиёт ходимлари мавқейини ошириш, улар хавфсизлигини таъминлаш масаласи янги босқичга кўтарилаётгани алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг Т.Нарбаева тиббиёт муассасасида даволанаётган болалар ҳолидан хабар олди, уларнинг ота-оналари билан кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, берилаётган бепул дори-дармонлар ҳақида суҳбатлашди.
Янгиланаётган Конституциямизнинг 48-моддасида ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли эканлиги алоҳида қайд этилди.
Учрашувда туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасида 15 та бўлим мавжудлиги, унинг болалар бўлими 1985 йилда ташкил қилингани ҳамда 2023 йилнинг февраль-март ойларида «Она» хайрия жамғармаси ҳомийлигида мукаммал таъмирланиб, ҳозирда 14 ёшгача бўлган 41 264 нафар болага хизмат кўрсатиши таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, Т.Нарбаева Қизилтепа туманининг «Гулзор» маҳалласи учун бунёд этилган янги бинонинг очилиши маросими ва Навбаҳор туманидаги «Навкар» маҳалласида ташкил этилган «Сумалак» сайлида иштирок этди.
У ерда маҳалланинг «Оқила аёллари», нуронийлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, маҳалла бешлиги, ёшлар ва аҳоли вакиллари билан мулоқот қилди.
Суҳбат давомида бугун республикамизда инсон ва унинг қадрига бўлган эътибор, улар учун муносиб турмуш-шароитини яратиш, ҳамюртларимизнинг бугунги кунидан розилигига эришиш давлат олдида турган энг муҳим вазифалардан бири эканлиги, бу борадаги ишлар янги таҳрирдаги Конституция билан ҳам мустаҳкамлаб қўйилаётгани алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, Сенат Раиси Навоий вилоятига ташрифи доирасида «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамиятида комбинат меҳнат жамоаси ва фаоллари билан учрашув ўтказди. Унда 2,5 мингга яқин ишчи-ходимлар иштирок этди. Учрашувда янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда Т.Нарбаева сўзга чиқиб, комбинатнинг улкан иқтисодий салоҳияти, корхонанинг Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга қўшаётган салмоқли ҳиссасини таъкидлаб, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, инсон қадрини улуғлаш бўйича олиб борилган ишларнинг натижалари тўғрисида аниқ мисолларни келтириб ўтди.
Т.Нарбаева янги таҳрирдаги Конституция халқ Конституцияси эканлигини, муҳокамаларда билдирилган таклифлар сўзсиз инобатга олинганлигини, Конституцияда ёшлар, хотин-қизлар масалалари юзасидан алоҳида нормалар сони оширилгани, айниқса, Бош қомусимизга замон талабига мос нормалар киритилгани, сўнгги йилларда республикамизда амалга оширилган очиқлик, мажбурий меҳнатга барҳам бериш каби масалалар янгиланаётган Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилаётганини айтиб ўтди.
Тадбирда бир гуруҳ комбинат ходимлари, жумладан, Марказий кон бошқармаси ёшлар етакчиси С.Бобоёрова, 7-гидрометаллургия заводи бош муҳандиси Ж.Абдуллаев, Шимолий кон бошқармаси ходими А.Узахбаева, 3-гидрометаллургия заводи директори Ш.Нарбадалов, 4-гидрометаллургия заводи директори А.Зокиров, Зарафшон қурилиш бошқармаси ходими М.Преображенская, «1-ГМЗ» кон бошқармаси ёшлар етакчиси С.Раҳмонов Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишларини таъкидладилар.
Шундан сўнг, Сенат Раиси вилоятда таълимга қаратилаётган эътибор, хусусан, давлат ва нодавлат таълим муассасаларидаги шарт-шароитлар, талабалар ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида Навоий давлат педагогика институти ва хориж тилларини ўқитишга ихтисослашган хусусий мактабда бўлди.
Хусусан, Т.Нарбаева Навоий давлат педагогика институтида талаба ёшлар билан учрашиб, уларга бугун Президентимиз Ш.М.Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган инсонпарвар сиёсат, халқчил ислоҳотлар, давлат раҳбарининг ёшларга қаратаётган эътибори ва ишончи ҳақида сўзлаб берди.
Мулоқот чоғида янгиланаётган Конституцияда оила, болалар ва ёшлар учун алоҳида боб ташкил этилгани, ушбу бобга киритилган нормалар мазмун-моҳияти, хусусан, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга, уларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги фаол иштирокини рағбатлантиришга масъул бўлаётгани ҳақида фикр алмашилди.
Кўтаринки руҳда ўтган мазкур учрашувда ёшлар, янги таҳрирдаги Конституция барчамизники эканлигини, бир овоздан 30 апрелда ўтказиладиган референдумда фаол иштирок этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Ўз навбатида, Сенат Раиси ташриф давомида ижтимоий аҳволи оғир бўлган, давлатнинг кўмаги билан ўз йўлини топган аҳоли вакиллари билан ҳам учрашди. Суҳбат давомида уларга давлат ижтимоий шарт-шароити оғир бўлган ҳеч бир фуқарони эътибордан четда қолдирмаслигини, уларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга масъул эканлигини, айнан ушбу омиллар инобатга олинган ҳолда янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон ижтимоий давлат деб, қайд этилаётгани, ушбу норма орқали давлат ўз зиммасига юксак масъулиятни олаётгани, бу каби нормалар дунёнинг манаман деган ривожланган давлатларида ҳам йўқ эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг Сенат Раиси Т.Нарбаева вилоят «Маънавият ва маърифат» марказида вилоят, туман ва шаҳар маҳаллий Кенгашларининг депутатлари, вилоят фаоллари билан учрашди.
Мулоқот чоғида янги Конституцияда акс этган нормалар, хусусан, Сенат ва маҳаллий Кенгашларнинг ўзаро ҳамкорлиги, Сенат ҳудудлар манфаатидан келиб чиққан ҳолда фаолият кўрсатиши, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар билан таъминланаётгани, тадбиркорлар эркинлиги Конституция даражасида мустаҳкамланаётгани, маҳаллаларга берилаётган эркинлик каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, суҳбат чоғида халқ фаровонлиги, жамият тинчлиги ҳамда иқтисодий барқарорликда эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги муҳим ўрин тутишини эътиборга олсак ушбу вазифани давлат зиммасига юклатилиши барқарор ривожланишнинг зарур талаби эканлиги айтиб ўтилди. Самимий мулоқот тарзида ўтган учрашувда депутатлар ва фаоллар ҳам сўзга чиқиб ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Шунинг билан Сенат Раисининг Навоий вилоятидаги учрашувлари ниҳоясига етди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг