Таълим ва фан фидойиси хотирланди

15:48 08 Февраль 2024 Жамият
307 0

Техника фанлари доктори, профессор Ҳамид Ахмадхўжаев Наманганда текстиль илмига асос солган фан фидойиси эди. Унинг тўқимачилик саноати соҳасига қўшган муносиб ҳиссасини бугун вилоятда соҳанинг жадал ривожланиб бораётгани мисолида яққол кузатиш мумкин.

Наманган тўқимачилик саноати институтида олим таваллудининг 75 йиллигига бағишлаб илмий-маърифий хотирлаш кечаси ўтказилди. Унда устознинг шогирдлари, кенг жамоатчилик вакиллари, профессор ўқитувчилар, яқинлари ва фарзандлари иштирок этишди. Тадбирда таъкидланганидек, марҳум Ҳамидхон Турсунович ҳаётининг катта қисмини илм-фанни ривожлантиришга, минтақада тўқимачилик йўналишлари бўйича олий таълим бериш тизимини йўлга қўйишга сарфлаган. Ўтган йиллар давомида унинг раҳбарлигида ўндан ортиқ илмий-тадқиқотлар олиб борилиб, соҳадаги муаммоларга илмий ечимлар топилган. Мазкур йўналишда изланишлар олиб бораётган шогирдлар ҳам устозга муносиб ворис бўлиш йўлида дадил интилмоқда.

— Устоз раҳбарлигида “Пахта толасини ажратиш жараёнини такомиллаштириш” мавзусида илмий изланишлар олиб бориб, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини муваффақиятли ҳимоя қилдим. Бугун докторлик диссертацияси устида ишлаяпман. Ўз навбатида менга ҳам устозлик мақоми насиб этиб, ёш авлодга илм сирларини ўргатмоқдаман. Албатта, бундай натижага эришишимда устозимнинг меҳнатлари беқиёс, — дейди шогирдлардан бири Хайрулло Шарипов.

Тадбирда сўз олганлар фидойи олим, етук мутахассис Ҳ. Аҳмадхўжаев босиб ўтган ибратли ҳаёт йўлини ёдга олиб, яхши сифатларини хотирлашди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер