Таълим тизими ривожи учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси масъул
Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори юртимизда таълим-тарбия ва илм-фан тараққиётига бирламчи эътибор қаратилаётганининг ёрқин намунаси бўлди.
Айтиш керакки, Фармон билан Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Унда таълим тизими ривожи учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси масъул эканлиги алоҳида белгиланди. Бундан буён ўқитувчи мақомини ошириш, унинг аввалги обрў-эътиборини тиклаш, таълим муассасаларидаги шарт-шароитларни яхшилаш ҳокимликлар зиммасидаги асосий вазифа сифатида белгилаб қўйилган бўлса, Халқ таълими вазирлигининг мактаблар мазмунига жавоб бериши қатъий кўрсатиб ўтилди. Бошқача айтганда, бундан буён маҳаллий раҳбарлар ишига пахта, ғаллага қараб эмас, таълим-тарбия учун яратилган шарт-шароитга, илмли-маънавиятли ёшларга қараб баҳо берилади.
Ушбу тарихий Фармонга партиямиз дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб ёндашадиган бўлсак, унда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш алоҳида қайд этилган. Яъни эндиликда тажриба сифатида умумий таълим муассасаларини кейинчалик кенгайтириш ҳуқуқи билан 5 йилга хусусий секторнинг ишончли бошқарувига ўтказиши белгиланди. Ўз навбатида, давлат бюджетидан таълим муассасаларини таъминлаш учун ажратиладиган маблағлар ҳам камайтирилмайди.
Кўпчилик юртдошларимизда мактаблар маълум муддат тадбиркорлар бошқарувига ўтса, пуллик бўладими деган савол туғилиши мумкин. Фармонда хусусий мулкдор зиммасига болалар учун бепул таълим бериш, биноларни таъмирлаш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш каби мажбуриятлар юкланган. Бундан ташқари, бўш бинолар ва ерлар бошқарувчига спорт ёки маданият муассасаларини ташкил этиш учун ажратилади. Бу нормалар пуллик деган тушунчаларга ўрин қолдирмайди.
Эътиборга молик жиҳати, ЎзЛиДеП Сайловолди дастуридаги қуйидаги вазифалар фармонда тўла қамраб олинди. Хусусан, партиямиз дастурида мактабдан бошлаб олий таълим муассасаларида ҳам тадбиркорлик дарсларини ўтиш, тўгараклар ташкил этиш, жумладан, Тадбиркорлар академиясини, соҳага қизиқаётган ёшлар учун эса консалтинг марказларини ташкиллаштириш масалалари илгари сурилган. Фармонда эса ўқувчиларнинг мактаб фанлари бўйича амалий дарсларини салоҳиятли иш берувчилар, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги корхоналари, кластерлар ва кооперацияларда ўтказиш белгиланди. Кенгроқ мушоҳада қилинса, ушбу вазифанинг амалга оширилиши ёшларнинг ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, фармонда қўйилган вазифалар боланинг таълимдаги илк қадамидан бошлаб, касб танлаши, ҳаётга мустақил қадам қўйишигача бўлган даврда узвийликни таъминлашга қаратилган десак тўғри бўлади.
Сир эмас, бугун рақамли технологиялар шиддат билан ривожланяпти. Замонавий технологиялар кирмаган соҳа қолмади ҳисоб. Лекин, ушбу технологиялар ўз-ўзидан ишламайди. Уларниям кимдир ақл билан ҳаракатга келтирсагина фойда беради. Аксинча бўлса, тараққиётнинг соат сайин янгиланиб бораётган кашфиётларига маҳлиё бўлиб ўтираверамиз. Рақамли технологияларни тилини топиш учун албатта пухта билимга эга, салоҳиятли ёшлар керак.
Фармонда бу масалада ҳам муҳим вазифалар белгиланди. Хусусан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда таълимни бошқаришни автоматлаштириш ва ҳар томонлама таҳлил қилиб бориш тизимини яратиш, электрон ресурслар ва масофавий таълимни янада ривожлантириш, таълим олувчилар ўртасида IT-соҳасидаги касбларни оммалаштириш шулар жумласидандир. Бундан кўзланган мақсад нима? Илм-фанни иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айлантириш, илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, иқтидорли ёшларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантиришдан иборат. Зеро, Учинчи Ренессанс пойдеворини замонавий билимларни пухта эгаллаган, салоҳиятли ёшлар қуради.
Умуман олганда, таълим тизимини ривожлантириш бир кишининг иши эмас. Шундай экан давлат раҳбарининг Фармонида белгиланган ҳаётий вазифалар ижросини биргаликда бажариш ким ва қайси соҳада ишлашимиздан қатъи назар ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Шаҳноза ХОЛМАХАМАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг